- Жамият, Ислоҳот, Қарор ва ижро   1 623

ЮЗАКИ ТАНЛОВ ОҚИБАТИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоятда 108 та ижтимоий соҳа ва сув таъминоти объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланганди. Қарор ижросининг таҳлиллари ижтимоий соҳа объектлари қурилишига пудратчиларнинг танланиши, қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилиши, объектларнинг белгиланган муддатларда муддатларда фойдаланишга топширилиши, шунингдек мебель ва бошқа жиҳозларнинг етказиб берилишида бир қатор қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганини кўрсатди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланмагани, давлат қабул ҳайъати аъзоларининг жойига чиқиб ўрганиши тизимли ташкил этилмагани ҳамда хулоса бериш кечиктирилаётгани туфайли бир қатор объектлар белгиланган муддатларда фойдаланишаг топширилмаган. Жумладан, жорий йил инвестиция дастури асосан қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган 2 та умумтаълим мактаблари, 7 та мактабгача таълим, 1 та соғлиқни сақлаш муассасалари, 1 та спорт, 3 та сув таъминоти ва 3 та бошқа, жами 17 та объектларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича далолатномалар расмийлаштирилмаган.

Ачинарлиси, 2016-2018 йилларда инвестиция дастурларига асосан қурилиш-таъмирлаш ишлари оҳирига етказилмаган 26 та объектлар ҳозирги кунга қадар давлат қабул ҳайъати далолатномалари асосида фойдаланишга қабул қилинмаган. Ҳусусан, Данғара туманидаги 2016 йил дастурига киритилган ёнғин хавфсизлиги қисми биносининг қурилиши шу кунга қадар тугалланмаган. Жорий йил инвестиция дастурига киритилган бир қатор объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган муддатларда якунланмаган. Чунончи 2019 йилнинг 1 августида фойдаланишга топширилиши режалаштирилгани ҳолда Сўх туманининг Офтобрў МФЙ даги МТТ биноси октябрь ойида, Бағдод туманининг Ойдинбулоқ МФЙ даги МТТ биноси ноябрь ойида қуриб битказилган, Сўх тумани тиббиёт бирлашмасида қурилиш ишлари шартномада белгиланган муддатда, 25 августь куни тамомланган бўлса-да, қурилишда йўл қўйилган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмагани сабабли давлат қабул хайъати далолатномаси тасдиқланмаган.

Қурилиш сифатли бажарилмагани, белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилмаганининг сабабларидан бири пудратчи ташкилотларнинг танланиши ва объектларга бириктирилишига масъулиятсизлик билан юзаки ёндошилганига бориб тақалади. Вазирлар Маҳкамасининг2019 йил 30 нварь кунги йиғилиш баёни 3-бандига асосан марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштирилиши белгиланган объектларга пудратчи ташкилотларни тендер ўтказмасдан, энг мақбул таклифлар танлови (етарлича машина ва механизмлар билан таъминланган, соҳа бўйича зарурий қурувчи-мухандисларга ҳамда объектлар қурилишида бой тажрибага эга бўлган, молиявий барқарор ташкилотлар орасидан) орқали танлаб олишга руҳсат берилган.

Вилоят ҳокимининг буйруғи билан танлов ҳайъати таркиби тасдиқланган. Бироқ танлов комисияси томонидан пудратчилар “1-пакет» ҳужжатлари олинмасдан, иштирокчиларнинг имкониятлари тўлиқ баҳоланмасдан танлангани, оқибатда вилоят бўйича 78 та объектларда жами 622 млн.800 минг сўмлик амалда бажарилмаган ишлар ҳисоботларга қўшиб ёзилгани ҳамда 131 млн. сўмлик ишлар сифатсиз бажарилгани аниқланди.

Ҳусусан, 2019 йил инвестиция дастурига асосан Қува туманидаги 19-мактабда 580 ўринли ўқув биносини мукаммал таъмирлаш ва 210 ўринли янги бино қуриш учун 2 млрд. 876 млн. сўм маблағ ажратилган. Ўтказилган танловда қатнашган учта қурилиш ташкилотлари орасидан «Фарғона тараққиёт қурилиш файз” МЧЖ ни танлаб олишда белгиланган талабларга амал қилинмаган. Танлов жараёнида “1-пакет” ҳужжатлари олиниб ўрганилмаган. Яъни, пудратчининг салоҳияти шу жумладан машина- механизмлар билан таъминлангани, қурувчи-мухандисларга ва объектлар қурилишида нечоғли тажрибага эгалиги ҳамда молиявий барқарорлиги эътибордан четда қолган “Фарғона тараққиет қурилиш файз” МЧЖ ишчилари сони 49 нафарни, машина ва механизмлар сони эса 54 тани ташкил этган. Танловнинг бошқа иштирокчиси “Фар Тиб қурилиш” МЧЖ ишчиларининг сони 195 нафар, машина ва механизмлар сони 59 дона бўлиб, танлов ғолибига нисбатан фаолият стажи 1 йилга, ишчилар сони 146 нафарга. машина ва механизмлари 5 донага кўплиги инобатга олинмаган. Номақбул пудратчи танлаб олингани оқибатида объект қурилишида лойиҳа-сметада кўрсатилган, ҳақиқатда бажарилмаган ишлар ҳисоботга қўшиб ёзилгани аниқланган.

Қурилиш-таъмирлаш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда санитария, ёнғин хавфсизлиги ва шаҳарсозлик нормаларига тўлиқ риоя этилмаган. Инвестиция дастури асосида янги қуриб битказилган ва реконструкция қилинган 8 та таълим муассасалари тоза ичимлик сув тармоғига уланмаган. Ҳусусан, Қува тумани Найман МФЙда янги қуриб битказилган, фойдаланишга қабул қилинган 66-мактабда ўқув жараёни давом этаётган бўлишига қарамасдан тоза ичимлик суви тармоғи тортилмаган. Ўқувчилар истеъмол учун яроқсиз бўлган ер ости сувларини тортиш насоси (дренаж) сувини ичиб келишаяпти. Бу каби салбий ҳолатларни Қува туманидаги 51-сонли, Бешариқ туманидаги 34-сонли МТТ лар қурилишида ҳам кўриш мумкин.

Янгидан қурилган ва реконструкция қилинган умумтаълим мактабларини мебель ва бошка жиҳозлар билан таъминлаш ҳам талаб даражасида эмас. Таъминотчилар томонидан жами 1 млрд. 900 млн. сўмликдан зиёд мебель ва бошқа жиҳозлар етказиб берилмаган. Ўрганиш давомида ушбу жиҳозлар тўлиқ етказиб берилиши таъминланди.

78 та объектларни назорат ўлчовидан ўтказиш натижасига кўра аниқланган бажарилмаган ишларни ҳисоботларга қўшиб ёзиш ҳолатлари ҳамда сифатсиз бажарилган ишлар тўлиқ бартараф этилди. Қонун бузилишига йул қўйган шаҳслар расман огоҳлантирилди, маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилди, мутасадди ташкилотларга 21 та тақдимнома киритилди. Тегишли ҳулоса чиқарган буюртмачи ва пудратчилар янги 2020 йил дастурига киритиладиган объектларни сифатли, бекаму-кўст ва ўз муддатида қуриб битказилиши ҳамда фойдаланишга қабул қилиниши борасида астойдил ишлашлари лозим.

Ж. АКБАРОВ,

вилоят прокуратураси Иқтисодий қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи.