- Турфа олам, Қарор ва ижро   1 259

АГРОМЕТЕОРОЛОГИК СТАНСИЯЛАР КУТИЛАЁТГАН ИҚЛИМ БАШОРАТЛАРИ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ БЕРАДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспексияси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури ўртасида келишув меморандуми имзоланган бўлиб, унга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастурининг “Фарғона водийси фермерларининг иқлим ўзгариши хавф-хатарларига мослашуви ва чидамлилигини ошириш” лойиҳаси доирасида Фарғона водийсининг 9 та туманида автоматлаштирилган агрометеорологик стансиялар ўрнатилди.
Жойларга ўрнатилган агрометеорологик стансиялар кутилаётган иқлим башоратлари ҳақида фермерларга хабар беради. Вақтида олинган хабарлар ёрдамида фермерлар маҳсулотларнинг зарарланиш ҳолатларни бартараф эта олишлари мумкин. Замонавий автоматлаштирилган агрометеорологик стансиялар сўнгги русумдаги технологиялар ва марказлашган серверга эга бўлиб, нафақат об-ҳавони олдиндан башорат қилиш балки кутилаётган
об-ҳаво шароитларида ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлари қай даражада кўпайиши ва ривожланишини аниқлаш ва мобил телефонлар орқали фермерларга сигналларни этказиш хусусиятига эгадир.
Демак, ушбу стансиялар ўрнатилган жиҳозлар орқали ҳаво ҳарорати, ҳаво намлиги, ёғингарчилик миқдори, қуёш радиатсияси, шамол тезлиги, тупроқ намлиги, барглар намлиги, атмосфера босими, шамол йўналиши ҳақидаги барча маълумотларни тўплайди.
Шундан сўнг йиғилган маълумотларни автоматик тарзда интернет орқали марказий компютерга юборади. Иқлим тўғрисидаги кўрсаткичларни қабул қилиб олган сервер уларни махсус дастур орқали қайта ишлайди ва ўсимлик касалликлари ҳамда зараркунандаларнинг кўпайиши эҳтимолини бўйича “башорат” тайёрлайди.
Агрометеорологик стансиядан олинган маълумотлар ҳамда улар асосида тайёрланган башоратларни сервер интернетдаги махсус сайтга жойлаштиради.
Интернетдаги махсус веб-саҳифада эса агрометеорологик стансиядан олинган маълумотлар, компютер дастурида ҳисобланган кўрсаткичлар, 3, 5 кунлик об-ҳаво башорати, ноқулай об-ҳаво натижасида кўпайиши мумкин бўлган ўсимликлар касалликлари ва зараркунандалари ҳақида маълумотлар ўрин олади. Фитополог, герболог, интернет сайтдаги ноқулай об-ҳаво натижасида ўсимликлар касалликлари ва зараркунандаларининг кўпайиши эҳтимоли бўйича башоратни ўрганадилар ҳамда уларга қарши кураш ва профлактика чора-тадбирлари бўйича тавсиялар тайёрлайдилар. Тайёрланган тавсиялар телефон СМС орқали ёки телефон иловалари орқали фермерларга етказилади.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бундай стансиялардан дунёнинг АҚШ, Германия, Австрия, Франсия каби ривожланган мамлакатларида қишлоқ хўжалигида самарали фойдаланишади. Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳри, Қува ва Олтиариқ туманларига шундай стансиялар ўрнатилган.
Хозиргача ушбу дастур олма, нок, шафтоли, гилос, олича, ўрик, олхўри, узум мевалари бўйича маълумотлар ва башоратларни ўз ичига олган эди. Эндиликда, янги йилдан дастур орқали помидор, каратошка, сабзи, пиёз, булғор қалампири, бақлажон каби сабзавотлар бўйича ҳам маълумотлар ва башоратлар бериб борилиши режалаштирилмоқда.
Фермер ва деҳқонларимиз етиштираётган жаҳонга машҳур, мева ва сабзавотларимиз ҳосилдорлигини кўпайтириш ва уларни дунё бозорларига экспорти ҳажмини ошириш йўлида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспексияси ўз олдига кенг мақсадларни қўйган, ушбу имзоланган Келишув меморандуми эса улардан биридир.

Д.АБДУРАХМОНОВ,
У.ШАРИФЖОНОВ,
А.АБДУСАЛОМОВ,

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспекторлари.