“… Сотиб ол», “Тошкент Cити”дан квартира ютиб ол”
Ҳа, сиз ҳам қизиқишни бошладингизми?! Албатта, ким ҳам бундай “чорлов”лардан кейин қизиқмайди. Аммо, айрим юртдошларимиз таъми ва таркибини билмасдан туриб, турли энергетик ичимликларни сотиб олмоқда. Энг ҳайратланарлиси шундаки, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги гуруҳларда ва шахсий саҳифаларида “Ситро”нинг 6-қисмини топиб беринг, суюнчиси бор, эвазига 2000 доллар бераман» ёки «WФ» дан илтимос 5 та қопқоқ қисмини топишга ёрдам беринглар”, деган “постлар” тез-тез учраб туради. Айниқса, ўсмирларнинг бунга қизиқиши юқори. Аслида-чи?! Чиндан ҳам бу қопқоқчалар ютуқлими?! Йўқ, албатта. Бу акцияларда қатнашиб топганингиздан кўра, кўп нарсани ютқазасиз. Чунки, тўлиқ ютуқли қапқоқлар ўзингиз айтганингиздек 6 та ёки 5 қисм бўлади. Энди ўйлаб кўринг, Ўзбекистонда 33 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, демак пулингизни ҳавога сарфлашингиз турган гап. Охирги пайтларда, “интернет троллари” томонидан сохта қопқоқларни сотаётганлар ҳам кам эмас.
Жорий йилдан бошлаб “Реклама тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган ва унинг 221-моддасида энергетик ичимликлар бўйича чекловлар жорий қилинди. Унга кўра, эндиликда қуйидагилар тақиқланади:
соат 7:00 дан соат 22:00 га қадар энергетик ичимликларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш;
реклама қилиш мақсадида энергетик ичимликлар намуналарини ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида текин тарқатиш;
асосан ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш, агар бунда энергетик ичимликларнинг номидан, товар белгисидан ёки тасвиридан фойдаланиладиган бўлса;
ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида энергетик ичимликларнинг номи, товар белгиси ёки тасвири туширилган товарларни (футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва шу кабиларни) тарқатиш, шу жумладан сотиш;
Бу ичимликлар қувватбахшми?!
Европа давлатлариаллақачон бундай ичимликлардан воз кечмоқда. Улар энергетик ичимликларни “ўлим коктейли” деб аташади. Маълумот учун шуни айтиш лозимки, тилга олинаётган ичимликлар организмга қўшимча қувват бермайди. Фақат бу воситалар таркибидаги моддалар организмнинг ички резервига йўл очади. Соддароқ қилиб айтганда, ичимлик ҳеч қандай қувватга эга эмас, фақат ўз ресурсларингиздан фойдаланади.
Энергетик ичимликлар таркибида инсон организми учун хавфли кофеин, гуарана, таурин каби моддалар бор. Айнан ушбу моддалар инсон организмига қанчалик таъсир қилади?! Таурин энергетик ичимликларда албатта бўлиши керак бўлган элемент. У мушак тўқималарида тўпланадиган аминокислота бўлиб, ичакдаги ёғлар эмулсиясига ёрдам беради. Энергетик ичимликнинг бир банкасида 400-1000 мг миқдоргача бўлади. Асаб бузилишига олиб келади. Кофеин организмни зўриқтиради, турли асаб ва юрак касалликларини келтириб чиқаради. Мелатонин, матеин, инозит — бу воситалар уйғунлигидаги ичимлик организмни жисмоний ва ақлий зўриқиш билан ишлашга мажбур этади.
Ўзимизнинг чойдан қўймасин!
Энергетик ичимликлар (шу тоифадаги барча маҳсулотлар) бугунги кунда жаҳон бозорини тарк этмоқда. Чунки асосий мақсад инсон саломатлиги. Вақтинчалик чарчоқларни холос этиш ўрнига келган доимий касалликлар табиий маҳсулотларни истеъмол қилиб, танага дам берганимиз яхши. Негаки саломатлик бебаҳо бойликдир. Жисмоний меҳнат билан шуғуллангандан сўнг бундай ичимликларни ичса, одам чарчоқ ҳиссини туймаслиги мумкин. Аммо ушбу ичимликлар вақтинчалик йўқотган чарчоқ эртанги кун учун ёки ичимлик таъсири ўтгандан сўнг икки баробар ортади. Натижада, организм чарчоқни йўқотиш учун яна қувват талаб этади. Шундай экан, ўзимизнинг чойдан қўймасин. Хулоса ўзингиздан…
Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси етакчи мутахассиси.