Анор мевахўрининг капалаги (Euzophera punicaella Mooze) нисбатан йирик бўлиб, танаси 7-8 мм, қанотларини ёзганда 12-17 мм келади. Умумий туси кулранг, расмлари сезилмай сидирға бўлиб туйилади. Орқа жуфт қанотлари тиниқ, оч тусда, кенг, олдингиси эса ингичкароқ. Капалагининг лаб пайпаслагичлари юқорига қараб қайрилган. Тухуми оқиш-сариқ, юзаси ғадир-будир, катталиги 0,75-1,0 мм. Қанотлари оч кулранг, боши қўнғир-қора, катталиги 8-11 мм.гача етади. Ғумбаги жигарранг, узунлиги 8-9 мм. келади.
Анор мевахўри етук қурт ҳамда ғумбак шаклида асосан дарахт остига тўкилган мевалар ичида, пўстида, дарахтнинг пана жойларида ва хас-чўпларнинг остида қишлаб қолади. Ғумбаклик даври ёз кунлари 10-12 кунда тугайди. Капалаклари одатда кечаси учади, мева косачаларига биттадан тухум қўяди. Биринчи бўғинлари мева ёриқларига ҳам тухум қўйиб кетиши мумкин. Битта урғочи зот 90-100 та тухум қўйиши мумкин. 5-7 кундан кейин тухумни очиб чиққан қурт мева косаси ёки ёриқлар орқали анор мевасининг ичига киради ва уни шикастлай бошлайди. Қуртлар анор доналари ҳамда доналар ораларидаги парда тўсиклар билан озиқланади. Ҳар мева ичида 3-4, ҳатто 10 тагача қурт борлигини кузатиш мумкин. Зарарланган анор меваси одатда гул косаси атрофидан бошлаб чирий бошлайди, ёрилади ва тўкилиб тушиши мумкин. Қуртлик даври ўтиши учун 17-22 кун талаб этилади. Ривожланишни тугатган қурт мева гулкосасига қайтади ва кўпинча у ерда юмшоқ пилла ўраб, ичида ғумбакка айланади. 8-12 кундан сўнг ундан янги бўғин капалаги учиб чиқади. Бир мавсумда Фарғона водийси шароитларида 5-6 та, Сурхондарёда эса 7 тагача бўғин беради.
Анор мевахўри асосан анор дарахтининг мева нишоналарини (гул, шона ва мевани мавсум мобайнида ривожланиш даврида) зарарлайди. Шикастланган мевалар иккиламчи микроорганизмлар фаолияти оқибатида чирийди, ёрилади, тўкилади ва яроқсиз бўлиб қолади. Бунинг натижасида дарахт ва боғ ҳосилдорлиги камаяди, меванинг сифати пасаяди. Ҳимоя қилинмаган анор дарахтиҳосилининг 25,2% дан 77,5% гача қисми йўқолиши мумкин.
Анор гуллашидан бошлаб вақти-вақти билан у ерга трихограмма кушандасини (1 г/га) тарқатиб туриш яхши самара беради.
Анор мевахўрига қарши кимёвий курашишда анор дарахти гуллай бошлагандан кейин (май ва ундан кейин) ҳар 15 кунда бир марта турли препаратлар ишлатилади. Бундан мақсад мевахўр капалагига қарши курашишдир, чунки қуртига қарши деярли курашиб бўлмайди. Ишлов ҳосил пишишидан 30 кун илгари тўхтатилади. Препаратлардан талстар,10% эм.к. – 0,4-0,6 л/га; кинмекс, 55 эм.к – 0,6 л/га; брейк, 10% эм.к. – 0,2-0,4 л/га; децис, 2,5%эм.к. – 0,7 л/га; суми-альфа, 5% эм.к – 0,5-1,0 л/га, нуррел-Д, 55% эм.к – 1,0 л/га; данитол, 10% эм.к. – 1,5 л/га ҳисобида пуркаш яхши самара беради.
А.АБДАЗИЗОВ,
Н.ҒАНИЕВА,
Фарғона вилояти Ўсмликлар карантини ва ҳимояси Марғилон шаҳар фитсанитар давлат инспекторлари.