- Жамият, Ислоҳот, Маънавият   1 191

АСЛ МУДДАО – БОШҚА…

 Захарова хоним – Россия Ташқи ишлар вазирлигининг “расмий вакили”. Демак, унинг айтган фикри Россия ташқи сиёсатининг позицияси деб қабул қилинади. Унинг “Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тили бўлишини ўзбекистонликларнинг кўпчилиги хоҳламайди”, деган маънодаги кечаги баёноти ҳам Россия расмий доираларининг қараши, аниқроғи – шундай бўлиб чиқишини исташлари ифодасидир.

 Пайқасак, уч-тўрт ойдан бери Россия ижтимоий тармоқлари орқали Ўзбекистонга нисбатан ғалати бир сиёсат юргизиб келиняпти. Интернетдаги турли “пост”лар ва уларга аллакимлар томонидан битилган муносабатларинг аксари – шантаждан бошқа нарса эмас. Гўё рус халқининг айрим вакиллари ўзбекларни ёмон кўришини англатадиган қарашлар ҳар куни ахборот майдонига турли шаклларда ташланади. Бу пост ва тролларнинг барчасини йиғсангиз, “наука ненависти” деган қабиҳ бир кампания бошланганини кўрасиз. Унинг туб мақсади бизга – Марказий Осиёдаги энг катта давлатга ахборот ҳуружи орқали кучли босим ўтказишдан иборат.

 Мана шу ҳуруж охирги икки ой ичида жуда авжига чиқди. Бундан кўзлаган ниятлари нима бўлса экан?

 Бежиз эмас, албатта. Мустақиллик инъом этиб, халқни ўз эркича умргузаронлик қилишга йўл қўйиш хато бўлган, бунга чек қўйиш, собиқ мустамлакаларни жиловлаб ушлаб туриш лозим, деган ғоя туғилди уларда.

 Ёдингизда бўлса, бундан ўттиз йилча аввал биринчи президентимиз катта шижоат билан мустақилликнинг талай тадбирларини амалга оширишга киришган эди. Бироқ афсуски, йиллар ўтгани сари ҳаммани масрур этган шиддатлар сўниб, аксар ишларимиз баайни граммофоннинг чизилган пластинкаси каби бир хил нағма чиқариб такрорланаётгандай таассурот қолдира бошлади. Иқтисод ривожланиш ўрнига орқага қараб кетди. Илгари Ўзбекистондаги талай корхоналар бирон маҳсулотни тайёрлаш учун Иттифоқнинг турли жойларидан “запчаст” олиб келиб тайёрлайдиган қилиб қўйилган бўлса, истиқлолдан кейин ўша ҳам йўққа чиқди, ўнлаб гигант корхоналар бузиб ташланди – шаҳарликларнинг кўпи ишсиз қолди, қишлоқ жойларда эса колхоз ва совхозлар тугатилиб, ер бир неча “фермер”га хатлаб берилгач, қишлоқ йигит-қизлари ҳам ишсиз ва даромадсиз қолди. Оқибат, уларнинг асосий қисми Россия ва бошқа жойларга иш илинжида кетди.

 Ўзбекистон мардикорлар мамлакатига айлантирилди. Бундай иқтисодий ночорликдан кейин мамлакат раҳбари ҳам бошқа бўйни йўғонлар ҳузурида бош эгишга, ҳар бир қадамини улар билан маслаҳатлашиб қўйишга мажбур бўлиб қолиши ақлга тайин. Шундай бўлди ҳам. Бунинг ҳаммаси – “бамаслаҳат”, албатта.

 Ўшаларнинг хоҳишига кўра, қўшни давлатларнинг аксари билан муносабатларимиз совуқлашди, юрт ичида эса дини исломга қарши кураш шу қадар кучайдики, аёллар бошига дурра ўраб ишга бора олмайдиган ҳолга етди, аммо бирон ғар авратигача очиб кўчада юрса, ҳеч ким ғинг деёлмас эди.

 Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти, очиғини айтайлик – бой берилган имконият ва эркимизни қайта тиклаш учун дадил қадамлар қўя бошлади. Мана шу нарса уларга ёқаётгани йўқ, албатта. Айниқса, Матвиенко хонимнинг бу ёқларга келиб, Ўзбекистон ҳам ЕОИИга аъзо бўлиши керак, деб берган “топшириғи” ўринлатилмасдан, бу ташкилотда кузатувчи мақомида қолишга қарор қилиб, бошимизни янги бўйинтуруққа тутиб бермаётганимиз собиқ хожаларни дарғазаб қилганлиги ойдай равшан. Ҳар бир нарсада қилдан қийиқ ахтаришга уринишаётгани бунинг исботи. Тилимизнинг, динимизнинг, ўзбекчилигимизнинг тикланиб бораётгани, саноат ва қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга оширишга киришганимиз собиқ тўраларга асло ёқмайди, ундан кўра хомашё базаси бўлиб, ўзлари қўл урмайдиган ёки ор қиладиган оғир юмушларни бажарувчи мардикорлар етиштириб берувчи ўлка бўлиб қолишимизни исташади, албатта.

 Россияда бизнинг элчихонамиз ва консуллигимиз бўлгани ҳолда, Россиянинг Ўзбекистонда, булардан ташқари, “Россотрудничество” деган яна бир ташкилоти ҳам фаол иш олиб боряпти. “Фан ва маданият маркази” деб тақдим этилган бу муассасага рус тили, маданияти ва илм-фанини ўрганмоқчи бўлган одамлар ташриф буюришади, бир талай маданий тадбирлар ўтказилади.

 Буларнинг бари яхши. Дўстликка, ҳамкорликка бағримиз доимо очиқ. Аммо ўтган йил апрел ойининг охирларида 18 нафар оти ўзбекча, аммо ҳаёти ўрисча бўлган “маданият арбоблари”нинг Ўзбекистонда рус тилига “расмий тил” мақоми берилишини қонунлаштириш, яъни уни амалда давлат тилига айлантириш борасидаги “таклиф-даъват”лари ёдингиздадир? Бу ташаббус фақат уларнинг ўзларидан чиққан, мазкур идора кабилар бундан бехабар деб ўйлайсизми? Яна, усталикни қарангки, бу арбобларинг бари – ўзбек. Гўё, ўзбекларнинг ўзи хоҳлаяпти шуни, дегандай бир таассурот қолдириш учун.

 Сўнгги бир-икки ой ичида зимдан амалга оширилаётган бу ҳаракат ниқобини ечиб, ошкора пўписа қиёфасини ҳам ола бошлади. Бунга далил – педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев шу йилнинг 17 март куни Халқаро пресс-клубда “Тошкентдаги ўрта мактабларнинг қарийб 53 фоизида рус тилида таълим бериляпти, Ўзбекистон пойтахтида ўзбек мактаблари русча мактаблардан кам”, деб айтиши биланоқ, “Яндекс Дзен” сайти уни шундай талқин қилдики, нафақат рус миллатига мансуб Интернет фойдаланувчилари, балки баъзи “маданий” ўзбеклар ҳам оғизларига келган гапни қайтармай “пост” ёзишга тушишди. Сайтнинг сирли равишда “Баики Русича” деган муаллифи эса масалани бузиб талқин этибгина қолмай, йиғилиш ҳақидаги бир бетлик “ҳисобот”ида ошкора сурбетлик билан “… запреты и ограничения на русский язык могут спровоцировать к неконтролируемым событиям””, деб дағдаға қилишга ҳам ўтди. Ўҳ-ҳў! Ҳолбуки, Украинадаги каби, русча мактабларни ёпиб, ўзбекчага ўтказиш таклиф қилинмаган, балки ўзбеклар ўз фарзандини ўзбек тилли мактабларга берганлари яхши дейилган эди, холос. Шугина! Бир ўзбек олими, ўз юртида, она тилининг тақдирига куйинишга ҳам ҳақсиз бўлсинми?

 Мана шу улуғдавлатчилик ғоялари, ошкора шовинизм кейинги йигирма йил ичида Россиянинг ўзига ҳам зиён келтиряпти, обрўсини тўкяпти. Эътибор қилинг – халқаро майдонда Россия ҳозир яккаланиб қолди! Демак, бундай сиёсат бизга эмас, уларнинг ўзига кўпроқ зиён.

 Энди, бизнинг ўзимизга келсак, жуда сустмиз. Бир кунлик иш қилиш учун икки ой режа тузамиз, уни турли «инстанция»лардан ўтказиб, «Йўл харитаси» деб амирконча ном беришлар билан овора бўлиб юргунимизча поезд кетиб бўлади. Бунинг ўрнига, мулоҳазаю муҳокамалар билан вақт ўтказа бермай, қонун чиқарилсаю, ижро қилишга киришилса бўлмайдими? Чунки мукаммал қонун билан бирга, қонунга мукаммал амал қилиш ҳам муҳим. Яна бир ой судралсак… кеч бўлади-ёв!

 Баъзилар айтаётганидай, ўзбек тили бизнинг миллий бойлигимиз ёки фахри-ғуруримиз эмас. У, яна таъкидлашаётганидай, байроқ, герб ё гимн сингари рамзлардан бири ҳам эмас. Чунки уларнинг ҳаммасини, шароит тақозо қилса – ўзгартирса бўлади. Аммо… тилингизни қандай ўзгартирасиз? Тил – миллатнинг жони. Шу тил бўлмаса – ўзбек йўқ, Ўзбекистон йўқ.

 Аҳолининг қарийб 85 фоизи ўзбеклардан иборат бўлган Ўзбекистонда ўзбек тилининг давлат тили бўлиш-бўлмаслиги – қандай қилиб, бизга ён қўшни эмас, ундан ҳам нарида жойлашган Россия ташқи ишлар вазирлигининг бугун бош оғриғига айланиб турганига нима дейсиз?

 Кенг маънода олсак, бизнинг тилимиз давлат тили бўладими-йўқми, Захарова хоним ва унинг раҳбарларига сариқ чақачалик аҳамияти йўқ. Бундан уларнинг патагига чўғ тушмайди. Мақсад-муддаолари бошқа. Шуни пайқасак, бутун аҳли юрт бир бўлиб, мустақил сиёсат юритаётган Президентимиз теварагида уюшиб, давлатимизни мустақил равишда қуриб олсаккина мурод ҳосил бўлади.

 Йўқса, ХХ асрда колониал давлат эдик, ХХI аср бошидан неоколониал давлатга айланамиз-қоламиз.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

Олий аттестация комиссияси раиси маслаҳатчиси.