Юртимизнинг байрамлари кўп. Уларнинг ичида баҳорнинг илк кунларида нишонланадиган 8 март—Халқаро хотин-қизлар байрами ўзгача ўтади. Унда онажонлар, опа-сингиллар қадрланади, эъзозланади.
«Ўктамобод» тўйхонасида узоқ йиллар туманимиз равнақи учун ўз ҳиссасини қўшган, табаррук онахонлар, туман ташкилотлари, МФЙлардан келган вакиллар дастурхон атрофида байрам тантаналарига келишди. Уларни миллий либосдаги қизлар гуллар билан, карнай-сурнай садолари остида кутиб олишди.
Тадбир қатнашчиларини туман ҳокими Й.Бойигитов табриклади. У ўз сўзида байрамнинг моҳияти ҳақида тўхталиб, мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилган эoтибор, яратилаётган имкониятлар ҳақида гапирди. Оиламиз чароғбонлари— онажонларга соғлик тилади.
Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган «Мўoтабар аёл» кўкрак нишони соҳибаси Ойшахон Эргашева, белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпиони, 31-мактаб ўқувчиси Умидахон Саидова алоҳида эoтироф этилиб, тақдирланишди. Шу куни фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оилаларнинг шаклланишига, мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган МФЙ мутахассислари туман «Оила» илмий маркази томонидан тақдирланишди. Совғаларни туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Тешабоева, «Оила» илмий амалий маркази раҳбари Н.Обидова топширди.
Туман бош отинойиси М.Мамажонова узоқ йиллар бош отинойи вазифасида фаолият олиб борган Н.Тошмирзаевага эсдалик совғаларини топширди. Маданият бўлими хонандалари, мусиқа мактаби ўқувчилари ва 1-МТМ тарбияланувчиларининг чиқишлари барчага кўтаринки кайфият улашди.
М.ҚОСИМОВА,
У.Умаров олган сурат