- Жамият, Ислоҳот, Маънавият   1 682

БАЙРАМДАГИ СЮРПРИЗ

Фарғона шаҳридаги “Жасмин” мажмуасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг вилоят бўлими томонидан Матбуот ва ОАВ ходимлари кунига бағишланган байрам тадбири ташкилланди. Тадбирда вилоят ҳокимлигидан масъуллар, матбуот ва телевидение, радио ходимлари вакиллари, меҳнат фахрийлари  қатнашди.

Тадбир аввалида сўз олишган вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, “Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлими раиси Топволди Холдоров ижод аҳлига самимий истакларини билдирдилар. Ф.Қосимов Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимига вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган “Кобальт” хизмат автомашинаси калитини Муҳаммаджон Обидовга тантанали топширди. Дастлаб фаол журналистларимизга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ва совғалари топширилди. Қувончли томони мукофотланганлар орасида собиқ “Марказий Фарғона”чи Одилжон Жалолов ҳам борлигидир. Шундан сўнг вилоят ОАВ ходимлари ўртасида ўтказилган “Йилнинг энг фаол журналисти – 2019” кўрик-танлови ғолибларига қимматбаҳо совға ва рағбатлантирувчи мукофотларни топширдилар. Уюшманинг бу йилги байрамга сюрпризи “Йилнинг энг фаол журналисти” ғолибларига ”Давлат белгиси”да тайёрланган кўкрак нишони(медали) бўлди.   Газетамиз Бош муҳаррири Азимжон Худойқулов ҳам мазкур танловнинг диплом ва қимматбаҳо совғасига муносиб кўрилди.

ЎзЛиДеп вилоят кенгашининг раиси Раҳматилло Камолов ҳам фахрий журналистлар ҳамда энг фаол ижодкорларга қимматбаҳо совғалар улашди.

Сурхондарёдаги таълим марказида билим олаётган икки афғонистонлик талаба уюшма томонидан ўтказилган танловда ғолиб чиқишиб, тақдирландилар. Уларнинг Фарғонага келиб-кетиш ва бошқа харажатлари уюшманинг вилоят бўлими томонидан қопланди ва байрамда уларга эсдалик совғалари берилди.

Байрам тадбири давомида ижодкорлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Қиличбек Тожиев, хушовоз хонанда Зуҳриддин Ражабов ва бошқа санъаткорларнинг дилтортар хонишларидан баҳраманд бўлдилар.

Бахтиёр ЖОЛЧУЕВ,

Раҳматилло Шодмонов.