- Жамият, Ислоҳот, Туман янгиликлари, Турфа олам   398

БАЛИҚЧИЛИКНИ ИНТЕНСИВ РИВОЖЛАНТИРИШ

Янгиобод ММТП ҳудудидаги “Фарғонабалиқсаноат” агрофирмасида қуёш панелларида ишлайдиган ҳаво пуркагичлардан фойдаланиб, балиқчиликни интенсив ривожлантириш бўйича вилоят амалий семинари бўлиб ўтди.

Семинарда туманлардаги ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш, “Чорванасл” маркази бўлимлари бошлиқлари, Агроинспекциянинг чорвачилик бўйича бош инспекторлари, балиқчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари таклиф этилди.
Меҳмонлар агрофирмада интенсив усулда осетёр балиқ боқиш тажрибаси билан танишдилар.

Туман ҳокими Дилшоджон Джалилов сектор раҳбарлари билан тадбирда иштирок этиб, балиқчилик соҳасининг ривожлантиришнинг энг мақбул усули – интенсив усулдан фойдаланиш эканлигига эътибор қаратди.
–Вилоятимиз раҳбарлари Ёзёвонга ташрифи давомида туманимиздаги балиқчилик фаолияти билан танишиш чоғида балиқчилар хўжаликлари интенсивлаштириш учун сув ҳавзаларига қуёш панеллари ва ҳаво пуркагич – аэраторлар ўрнатиш бўйича топшириқ берди, – деди туман ҳокими. – Тумандаги 87 та балиқчилик фермер хўжаликларида бу усул жорий этилади. Мана бугун ким қачон, банк кредити ҳисобигами ёки ўз маблағидан қуёш панеллари ва аэратор ўрнатишни келишиб оламиз. Вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Убайдулло Турсунов, “Чорванасл” вилоят маркази раҳбари Муродил Холматов балиқчилик хўжаликларида ҳосилдорлик пастлиги, гектаридан бир тоннага етиб-етмай балиқ етиштирилаётганини танқид қилишди. Жумладан, ёзёвонлик балиқчиларни ҳам.

–Вилоят бўйича60 минг тонна балиқ етиштириш кўзда тутилган, – деди У.Турсунов. –Келгуси йил бу рақам 66 минг тонна. Оддий усулда бунга эришиб бўлмайди. Шунинг учун олдимизда битта йўл турибди– интенсив усулга ўтиш.

Туман ҳоеими, сектор раҳбарлари балиқчилик фермер хўжалиелари раҳбарлари билан интенсив усулга ўтиш бўйича бир-бир суҳбатлашиб чиқишди.

Пахта, буғдой етиштириш бўйича Ёзёвон мактаби яратилди. Вилоятда энг кўп балиқчилик фермер хўжаликлари Ёзёвонда. Демак, бу борада ҳам ўзгариш қилиш вақти келди.

Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ.
Маҳмуджон ОЛИМОВ олган суратлар.