Тегирмонбоши МФЙда 2620 нафар аҳоли яшайди. Аҳолининг асосий қисми тадбиркорлик билан шуғулланади. Маҳалла “Обод қишлоқ” дастурига тушган бўлиб, 2023 йилдан қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланади. Қўйингки, одамларнинг турмуш тарзи янада яхшиланади.
Маҳалладаги 48 нафар “Ёшлар дафтари”даги фуқароларга деҳқон хўжаликлари ташкилаш учун Гулистон ММТП ҳудудидан 10 йилга 10 сотиҳдан ер ажратилган. Айни пайтда ёшлар етиштирган маҳсулотлари пишди, ҳосилни йиғиб олишяпти.
Тегирмонбошилик ердан унумли фойдаланиб, яхши ҳосил олган Иномжон Маҳмудов оиласини намуна қилса арзийди. Икки ўғли ва келинлари номига олган ерга маккажўҳори эккан.
–Уруғлик макканинг 1 килограммини 45 минг сўмдан олганман, – дейди ёшларнинг отаси И.Маҳмудов. – Ерга меҳр бериб, эккан экинимизга яхши қарадик. Ҳосил ўйлаганимиздан-да зиёда бўлди. 4 тонна соф макка донини мўлжаллаб турибман, бу ўртача 1 килограмми 5 минг сўмдан бўлса, 20 млн. сўм дегани. Макканинг поясини чорвадорларга 7 млн. сўмга сотдик. Ҳозирда яхши ниятлар билан иккинчи ҳосил учун сабзи уруғини сочдик. –Бундай шароит ва кенг имкониятлар яратиб бераётган Президентимиз бош барча раҳбарларга миннатдорчилигимни билдираман.
Қўшимча даромад топиш ниятида Иномжон Маҳмудовнинг катта ўғли Абдувосит яқинда уйига нонвойхона ҳам қурибди. Нон ёпаётган экан. Бундан ташқари оиласи учун кичикроқ иссиқхона қилиб, 15 туп лимон кўчати экибди. Ҳосилга кириб қолибди. Иссиқхона ичида органик ўғит – биогумус тайёрлаш учун чувалчанг олиб келибди.
Туманимизда бунуқа миришкор оилалар минглаб топилади. Улар ўз меҳнатлари билан мўл ризқ-рўз яратиб, оилалари, қолаверса, туман, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Раҳматилло ШОДМОНОВ.