- Жамият, Иқтисодиёт, Туман янгиликлари   1 394

БАРАКА—ҲАРАКАТДА

Йиллар давомида аҳоли сони ортиб бораётган қишлоқ сифатида шаклланган Қатортолда  ўтган чорак аср давомида аёлларни иш билан банд қиладиган, рўзғорига барака киритадиган бирорта ишлаб чиқариш корхонаси ташкил қилинмади.  Шу боисдан  қиз-жувонлар шаҳардаги корхоналарда ишлашади.

Қишлоқдаги шароитни, тадбиркорликни ривожлантириш имкониятларини ўрганиб чиққан Марғилондаги «Шарқ ипаги дурдонаси»  вакили Исмоилжон Аҳмаджонов қишлоқда баҳмал тўқиш цехлари ташкил этишга бел боғлади.  Унинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлаган Қатортол маҳалла фуқаролар йиғини раҳбарияти тадбиркорга зарур шарт-шароитларни яратиб берди. Ҳозирда маҳалла йиғини биносидаги бўш турган хоналар баҳмал тўқиш анжомлари билан жиҳозланиб, 14 нафар қиз-жувон меҳнат қилмоқда.

—Йил бошида иш бошлагандик, ҳозирда баҳмал тўқиш сирларини пухта ўзлаштириб олдик, —дейди Муҳтасар Салимова. —Ҳар ўн кунда ишларимизнинг сифат ва самарасига қараб 300-400 минг сўмдан маош оламиз. Ишчиларга меҳнат дафтарчаси очилган.

Тадбиркор иш кўламини янада ривожлантирмоқчи. Хонадонларда ҳам цехлар ташкил қилиб, ишлаб тажриба орттирган ишчилар ёрдамида Қатортолда яна ўнлаб ишчи ўринлари яратмоқчи.

 

  Исҳоқжон КАРИМОВ.