- Жамият, Қарор ва ижро   979

БИЛИБ ОЛГАН ЯХШИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги 654-сон қарорига 1-ИЛОВА Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомига мувофик қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:
«Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида ҳисобда турган шахсларга;
бола уч ёшга тўлгунига қадар парвариш қилаётган оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга);
таълим муассасаларида ўқиётганларга (таълимнинг кечки ва сиртқи шакллари бундан мустасно);
ишламайдиган пенсионерларга, давлат пенсияси тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган шахсларга ва меҳнатга лаёқатсизлик юзасидан нафақа олувчи фуқароларга, ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга, I ёки II гуруҳ ва болаликдан ногиронлиги бўлган 18 ёшгача шахсларга;
амалда томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган оила аъзоларига;
18 ёшгача болаликдан ногиронлиги бўлган, шу жумладан ОИВ инфекциясига чалинган шахсларнинг оналарига (онаси бўлмаган ҳолда отасига), оила аъзоси ҳисобланган I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни ёки ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларни парвариш қилаётганларга;
чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзоларига;
оиланинг «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида оилавий тадбиркорликда банд бўлган, бироқ ушбу дастур бўйича микрокредит олинган санадан бошлаб кўпи билан 12 ой банд бўлган аъзоларига;
суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича жазони ижро этиш муассасаларида бўлганлиги муносабати билан оилада бўлмаган аъзоларига;
оиланинг чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган аъзоларига;
боласини ёлғиз тарбиялаётган ёлғиз оналар (оталар)га ҳамда никоҳи бекор қилинган аёлларга;
расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги бир йил мобайнида «Темир дафтар» рўйхатида бўлган оилаларга;
туман (шаҳар) аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига иш қидирувчи сифатида расмий мурожаат қилган ёки ишсиз сифатида рўйхатга олинган, ушбу марказ томонидан касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малака оширишга юборилган, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатига киритилган шахсларга;
тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган фарзанди мавжуд бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосига нисбатан.
Мазкур бандда кўрсатилган мезонлар асосида болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилганда, ариза берувчига хабар «Ягона реестр» АТ орқали рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда электрон шаклда (аризада кўрсатилган электрон манзилига ёки СМС-хабарлар орқали мобил телефон рақамига) юборилади.
Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг «Ягона реестр» АТ томонидан электрон сўров юборилган кунда ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан меҳнат стажи ҳисобланиши учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган (тўлиқ) миқдорда ижтимоий солиқ тўланганда ҳисобга олинади.
Мазкур банднинг фақат «к» кичик банди асосида болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш рад этилган оилалар «Ягона реестр» АТ орқали белгиланган тартибда кам таъминланган деб эътироф этилади. Бунда оилага болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинланмайди, лекин мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича маълумотнома тақдим этилади.
Боласини ёлғиз тарбиялаётган ёлғиз оналар (оталар) ҳамда никоҳи бекор қилинган аёллар тўғрисидаги маълумотлар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимидан олинган электрон маълумотларга асосан аниқлаштирилади.

С. ХУСАНОВ,
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Ёзёвон туман бўлими бошлиғи.