- Ёшлар, Ислоҳот, Туман янгиликлари, Қарор ва ижро   1 674

«БОЛАЖОН» ОЧИЛДИ

Фарзандларимизнинг келажакда комил инсон сифатида шаклланишида шак-шубҳасиз мактабгача таълим муассасаларининг ўрни беқиёсдир. Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган қарорлар ушбу соҳа ривожи учун муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ижодкор  маҳалла фуқаролар йиғинининг Бобур кўчаси 12-уйда яшовчи Орифжон Муллажонов хонадонида оилавий мактабгача таълим муассасаси очилишига бағишланган тадбир ўтказилди.

Тадбирга таклиф этилишган туман ҳокими ўринбосари, туман ҳотин-қизлар қўмитаси раиси  З.Тешабоева ҳамда туман мактабгача таълим бўлими мудираси Х.Саримсақова сўз олишиб, янги очилган “Болажон” оилавий мактабгача таълим муассасаси билан барчани қутлашиб, эгалик ҳуқуқини берувчи гувоҳномани тантанали топширдилар. Шу билан бирга ўйинчоқлар тўплами ҳам туҳфа этилди. Қишлоқ ҳудудидаги 5-, 13-мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари тўпланганларга мусиқий дастур  намойиш этдилар.

Ҳозирда муассасада кичик гуруҳ очилган бўлиб, унда 20 нафар болажон тарбияланмоқда. Яратилган шароитлардан кўнгил тўлади.  Тарбиячи Насибахон Омонова, ёрдамчи тарбиячи Дилобар Муллажонова болалар билан талаб даражасида машғулотлар олиб боришмоқда. Муассасага атрофдаги Пинаж, Пункт маҳаллаларидан ҳам болалар олиб келиняпти. Муассаса мудираси  Юлдузхон Муллажонованинг мақсади, яқин кунларда болаларни мактабга тайёрлаш учун қисқа гуруҳ  очишдир.

 

Бахтиёр ЖОЛЧУЕВ.