- Жамият, Ислоҳот, Иқтисодиёт, Маънавият, Турфа олам   1 697

«БОРИГА-БАРАКА» РОСТДАН БАРАКАМИ ёки капитал шоулар ҳақида таҳлилий фикрлар.

Яқинда кўчада тасодифан бир эркак ва аёли «Атлас» савдо мажмуаси қаердалигини сўраб қолишди. Шевасидан бухороликка ўхшаб турган бу жуфтлик «Зўр ТВ» да ўтказилаётган ўша машҳур «Борига барака» капитал шоусига пул тўлаш учун «Атлас»га бормоқчимиз, ўзимизда тўласак, рақамимиз чиқмаяпти», деди. Ҳазил аралаш кулиб йўлни кўрсатарканман, бу сафар аниқ рақамларинг чиқади, деб, хайрлашдим.

Фикрлайдиган одам сифатида капитал шоуни кўриб, аввал иқтисод, кейин сиёсат қабилида хомчўт қилиб кўрдим. Масалан, бир иштирокчи 5 минг сўмдан тўласа ва тахминан 500 минг одам ўйнаётган бўлса, 5000х500000 = 2.5 миллиард сўм бўлади. Бу ҳозирги қора бозор курсида тахминан 300 минг доллар бўлади. Бу Ўзбекистон шароитида катта пул. Кўрсатувда 4 та иштирокчи иштирок этяпти ва гоҳида оддий ваза, гоҳида 3 ҳафтада бир машина ютяпти. Совғалар суммасини жамлаб ҳисобласак, агар машина ва уй чиқмаса 5 минг долларга боради. Машина чиқса ҳам 15 минг, борингки, уй чиқса 40– 50 минг доллар атрофида бўлади. Аммо адашмасам икки хонали уй шубҳали равишда бир мартта чиқди ёки чиқмади. Демак битта ўйинда «Борига барака» шоуси ўрта ҳисобда 250-290 минг доллар атрофида фойда кўряпти. Агар менинг тахминим бўйича 500 минг киши ўйнаса. Албатта бундан камроқ ва кўпроқ бўлиши ҳам мумкин.

Бундай тахминий ҳисоб-китоб қилишимдан аввалроқ «Зўр ТВ» га боғланиб, бу ҳақида маълумот сўрагандим. Афсуски бу маълумотлар сир сақланишини, агар жуда зарил бўлса, юзма-юз учрашишимиз кераклигини айтишди. Шу туфайли тахминий ҳисоб-китоб қилишга мажбур бўлдим. Аслида бу рақамлар шоудан олдин эълон қилиниши керак.

Энди буни қонуний асосларини кўриб чиқсак. Капитал шоулар тўғрисида lex.uz ва nоrma.uz дан бирор нарса топа олмадим. Балки яхши қидирмагандирман.

Аммо лоторея ва қимор ўйинлари тўғрисидаги айрим қонунларни топдим. Масалан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан, 2007 йил 1 сентябрдан бошлаб:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (шу жумладан тотализаторлар) ташкил этиш ва ўтказиш (тиражли, бир лаҳзали ва рақамли лотереялардан ташқари);

қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига пул ютуғига эга бўлган ўйин автоматларини олиб кириш тақиқлансин, деб белгиланган.

Демак бу қарорнинг таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар деган жойига эҳтимол бу «Борига барака» капитал шоуси тушмас. Шу туфайли эҳтимол бу тиражли лоторея қонуни асосида ўтказилса керак, деб Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 15 ноябрдаги 396-сон қарорига иловасини кўздан кечирдим.

Яoни лаҳзалик ва тиражли лотореяларни ўтказиш тартиби ҳақидаги қонун ва низомларни кўриб чиқдим. У ерда жуда кўп нарсалар ҳозирги капитал шоуда негадир йўқ. Масалан камида 20 кишилик комиссия тузилиши, йиғилган пул миқдори уларга очиқ айтилиши шарт, деган низомга умуман жавоб бермайди. Битта бошловчи, иккита даллол ва рақам очувчи қиздан бошқа текширувчи йўқ. Шу низомда яна бир нарса эътиборимни тортди:

  1. Ўйинларнинг ютуқ (мукофот) фондлари қуйидаги миқдорларда белгиланиши керак:

тиражли ва лаҳзали лотореялар учун —лотореябилетларини тарқатишдан олинган пул маблағлари суммасидан қатoиназар, чиқарилган лотореялар ҳажмининг камида 40 фоизи миқдорида;

Бу дегани юқоридаги хомчўтимизга асослансак, тахминан ҳар ўйинда 5 та икки хонали уй ёки 50 та машина ёки юзлаб музлатгичлар ютилиши керак. Хайронман, адлия, солиқ, молия ва департамент ходимлари буни назоратга олиш кераклиги тўғрисида ўйлаб кўрмаган бўлсалар керак.

Қисқасини айтганда «Борига барака» ростдан ҳам барака эканлигига шубҳа қилиб қолдим. Блогпостимни охирида юқорида тилга олиб ўтган қарордаги лоторея мақсадлари билан тугатсам

-лотореяларни ўтказишдан олинадиган даромадларни минтақаларда соғлом авлодни тарбиялаш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли манзилгоҳларини ободонлаштириш ва уларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш, бошқа ижтимоий дастурларни рўёбга чиқариш чора тадбирларини амалга ошириш учун қўшимча манба сифатида жамлашдир.

Ўйлайманки «Борига барака» капитал шоуси ҳам шу мақсадда фойдаланяпти. Яна билмадим. Буларнинг бари ИМХО

Абдулазизхон АКРАМОВ.

«Фейсбук».