- Маънавият   1 311

ВАТАН

Кўзларини ишқалаганча,

Уйғонади эринчоқ қуёш.

Намоздан сўнг саловат ўқир,

Бошига оқ оралаган тош.

Бир-бирига сўз бермай сира,

Чақчақлашар дугона қушлар.

Ва арғимчоқ учар шабода,

Теракларнинг шоҳидан ушлаб.

Эрта туриб олган боладай,

Бир капалак гул билан ўйнар.

Қатор беҳиларнинг ҳуснига,

Таҳсин айтар ариқлар – ойна.

Устига сув сепишса ҳамки,

Ётар тонгни ўранганча йўл.

Бу онларнинг икки оламки,

Онт ичаман ҳеч қиёси йўқ.

Сўрашса гар буларнинг барин,

Бир сўз билан номла деб шу тоб.

Мен уларга иккиланмасдан,

Ватан дея берарман жавоб.

Мақсаджон ОЛИМОВ, “Қалдирғоч” ижодкорлар клуби аъзоси.