- Жамият, Ислоҳот, Маънавият   1 697

ГАЗЕТА—БУ ТАРИХ

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари байрами. Бизнинг байрамимиз. Миллий касб байрамимизни биринчи маротаба 1992 йилда нишонлагандик. Туман раҳбарияти «Марказий Фарғона»чилар, жамоатчи мухбирлар, ижодкорларни қабул қилганди. Орадан шунча йиллар ўтди. Ҳар йили касб байрамимизни нишонлаймиз. Гоҳ ундай, гоҳ бундай.

Байрам ҳам сарҳисоб мисоли. Газетамизнинг ўқувчилари борлигидан, улар кўпчилик эканлигидан хурсанд бўламиз. Йилига мингга яқин хат-хабарлар олишимиз ҳам юртдошларимизнинг газетамизга бефарқ эмаслигидан далолатдир.

Сўнгги йилларда «газетанинг даври ўтди, энди унинг ўрнини интернет эгаллайди», деб башорат қилувчилар кўпайиб кетди. Ўтказилган тадқиқот ва сўровларда респондентлар газета-журналлар, босма оммавий ахборот воситалари зарурлигини таъкидлашган.

Яна статистикага қайтсак. Кейинги 20 йилда Германия аҳолисининг 60 фоизи деярли ҳар куни газета-журналлар харид қилар экан. 2011 йилдан буён Ҳиндистон ва Хитойда газета ва журналлар харидорлари ортиб бормоқда. Дунёнинг энг кўп ададли 15 газетаси рўйхатидан 5 та ҳиндча, 2 та хитойча даврий нашр мустаҳкам ўрин олган.

Россияда аҳолининг 51 фоизи ўзлари қизиқтирган мақолани даврий нашрлар саҳифасида ўқишни маъқул кўради. Шунингдек, аҳолининг 73 фоизи матбуотдан бутунлай воз кечишни қораласа, 17 фоизигина интернет нашрига ўтиш тарафдори.

Японияда босма ОАВга кўпроқ эътибор қаратилади. Болаларнинг гаджетлардан эмас, «қоғоз»да ўқишлари назорат остига олинган.

Айтмоқчи бўлганимиз, оддий. Газета-журналларга эҳтиёж бор. Буни фақат теран ҳис қилинса, кифоя.

Ўтган йилнинг куз фаслида «Мажбурий обуна» сўз бирикмаси урчиди. Кампаниябозлик бошланди. Жамоасини обуна қилгани учун раҳбарларни ишдан бўшатишлар бўлди. Ваҳоланки, ўқитувчиларга устама ҳақ тўлашнинг шартларидан бири, матбуотда мақола чиқиши белгиланган. Зиёли обуна бўлмасдан газетада қандай мақола чиқара олади?

Юқорида айтиб ўтганимиздек «Марказий Фарғона» газетасининг ўқувчилари, ихлосмандлари бор экан, ҳар доимгидек бўлмасада, икки мингга етар-етмас обуна қилинди.

Газетамизнинг доимий ўқувчилари, кузатувчилари бор. Бундан фақат хурсанд бўламиз. Кейинги ойларда иқтисодий аҳвол туфайли жадвал асосида газета чиқара олмаяпмиз. «Газета вақтида чиқмаяптими», деб сўровчилар кўпчиликни ташкил қилади. Мўъжазгина жамоамиз муассис билан бор имкониятларини ишга солиб, қўшни туманларда чиқиб-чиқмай ёки ойда бир-икки газета чиқиб турган бир пайтда баҳоли қудрат «Марказий Фарғона» ўқувчиларга етказиб беряпмиз. «Марказий Фарғона»ни Ёзёвон адабий муҳитининг ядроси, десак муболаға эмас. Катта-кичик ижодкорларни ўз атрофига бирлаштирган. Ўтган ҳафтада фахрий журналист Малик Бойматовнинг янги китоби ҳақида хабар бергандик. Байрам арафасида «Марказий Фарғона» кашфиётларидан бири Араббой Умаровнинг «Бир келинг, Ёзёвонга» шеърий тўплами Тошкентдаги «Наврўз» нашриётида босмадан чиқиши, қувонарли. Бу қўшиқчи шоирнинг дастлабки шеoрлари ҳам «Марказий Фарғона» газетасида босилган. Газета – бу тарих, деб бежиз сарлавҳа қўймадик. Туманда бўлаётган катта-кичик тадбирлар, воқеалар, янгиликлар барчаси газетада мужассам. Туман, қишлоқлар тарихини ёзаётган ижодкорлар ҳам асосий материалларни «Марказий Фарғона»дан олаётгани бежиз эмас. Кечаги кун бугун тарихга айланяпти. Воқеа-ҳодисаларни тарих зарварақларига муҳрлаётган ижодкор дўстларимизни, устозларни, бош мухбирларимиз жамоатчиларни касб байрамлари билан табриклаймиз. Байрам арафасида, ижодкорлар учун хушхабар ҳам бор. Яъни, вилоят ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 августдаги «Ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш юзасидан мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг 2018 йил 17 декабрдаги мажлис баёнида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган чора-тадбирлар режаси белгиланди. Чора-тадбирларнинг 5-бандида «Туман ва шаҳар ҳаёти билан боғлиқ материалларни интернет орқали аҳолига тезкор тарқатишни йўлга қўйиш, замонавий ахборот алмашувини жорий этиш мақсадида газеталарни қўллаб-қувватлаш ва веб-сайтини яратиш учун ҳар йили 100 млн. сўм маблағ ажратиш» белгиланган. Айни пайтда ҳокимликдаги мутассадилар бу иш билан шуғулланишяпти. Ишонамизки, бу амалга ошади. Туман тарихи ёзилиши бекаму кўст давом этади

Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ.