- Жамият, Турфа олам   929

ГЎЗАЛ БАЙРАМ БЎЛДИ

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни Ёзёвонда ҳар йили ўзгача бир шукуҳ билан нишонланади.

Бу йилгиси янада тароватли ўтказилди. Туман ҳокимлиги мажлислар залига депутатлар, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, маҳаллалар раислари йиғилиб, туманимиз матбуотчиларини, фахрий ва жамоатчи фаолларни касб байрамлари билан муборакбод этдилар.

Тантанали тадбирда сўз олган туман ҳокими Дилшоджон Джалилов газетанинг туман ҳаётидаги ўрни ҳақида гапириб, журналистлар Ёзёвонда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни холислик билан ёритиш борасида жуда фаол эканликларини таъкидлаб ўтди. Ҳоким газетачиларни туманнинг энг илғор фикрли кишилари сифатида Ёзёвонни бутун мамлакатга танитаётганликлари учун ташаккур билдирди.

Шундан сўнг сўз олган 2-сектор раҳбари, туман прокурори Илҳомжон Ходжаев секторлар фаолиятини доимий равишда ёритиб бораётганлари учун газета жамоасига миннатдорлик билдириб, байрам билан табриклади.

Тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Мамажонов Ёзёвон матбуоти мамлакатда илғорлар сафида эканлигини таъкидлаб, уларнинг машаққатли ва шарафли ишларига муваффақиятлар тилади.

–Биз олиб бораётган ишлардан аҳолини доим хабардор қилиб боришда туманимиз матбуотчиларининг ўрни беқиёс. Барчаларини бугунги байрам билан маҳалла раислари ва ўзим номимдан самимий табриклайман,-деди Сойёни маҳалла йиғини раиси Машрабжон Жўраев.

Шундан сўнг газета ходимлари, матбуот фахрийларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Залда йиғилган туман фаоллари қарсаклари остида муассис томонидан соҳа ходимлари ва фахрийларига туман ҳокими Ташаккурномаси ва қимматли совғалар улашилди.

Байрам тадбирининг давоми ҳокимлик томонидан уюштирилган тўкин дастурхон атрофидаги файзли суҳбатларга уланиб кетди.

Шу куни кечгача матбуотчиларга мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган ҳамкасблари, устоз ва шогирдлари қўнғироқ қилишиб, қутловлар йўллашди.

Байрам тадбирлари матбуотчиларнинг оилалари давраларида ҳам давом этади.

“МАРКАЗИЙ ФАРҒОНА” МУХБИРЛАРИ.