Инсонни яшаш учун турли эҳтиёжлари мавжуд. Эҳтиёжларнинг энг аввалида эса овқатланиш масаласи туради. Турмуш тарзимизнинг фаровонлиги ҳам аввало дастурхонларимиз тўкинлиги билан ўлчанади. Бизнинг кундалик овқатланишимиз учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатида гўшт маҳсулотлари ҳам олди ўринларда туради. Бугун истеъмол саватидаги зарур маҳсулотлардан бири гўшт маҳсулоти ва унинг нархи ошиши борасида таҳлилий фикрларни беришга қарор қилдик.
Ҳар ҳафта республикамиз вилоятларидан келаётган нарх-наво тўғрисидаги маълумотларда гўшт нархини ошиб бораётгани, қолаверса аҳоли ўртасидаги бу борадаги кескин норозиликлар ҳолатни аниқлаштиришни талаб этмоқда. Ўзбек халқи меҳмондўст халқ, уйимизга меҳмон келса дастурхонга гўштсиз таом қўя олмаймиз. Ёш болаларимизни “илиги мустаҳкам бўлсин”, дея гўштли таомлар бериб, улғайтиргимиз келади. Ёки касалхонага бемор қариндошимиздан ҳол-аҳвол сўрашга борсак ҳам гўштли таом қилиб борамиз, албатта. Тўйларимиз, йиғинларимизда кетадиган гўштнинг ҳисобини келтирмасакда бўлади… Нима қилайлик, ўзбекмиз, менталитетимиз шунақа. Демак гўштга бўлган эҳтиёжимиз катта. Шу боис халқимиз гўшт нархи ошса бундан норози бўла бошлайди. Аммо бир мушоҳада қилиб, ўйлаб кўрсак нима учун бугун гўштнинг нархи кескин ошмоқда? Танганинг иккинчи томонига ҳам разм солишимиз керакдир балки.
Ҳар қандай маҳсулотнинг нархи ошишига маълум бир объектив ва субъектив сабаблар бўлади. Бугун айнан мана шу масалага кўзларимизни каттароқ очиб қарашимиз лозим.
Биринчидан, тўрт фасли беназир бўлган она заминимиз Ўзбекистонда бундан анча йиллар илгари яйловлар жуда кўп бўлган. Чорвани ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири озуқага бой, маҳсулдор ерлари бор яйловлардир. Бугун яйловларнинг қисқариб кетиши, мавжудларининг эътиборсизлик сабаб озуқаси камайган ерларга айлангани айни ҳақиқат. Демак, чорвани ривожлантирадиган яйловларимиз кенгайтирилиб, қайта тикланмаса бу ҳаёт занжири каби гўштнинг нархига салбий таъсир қилувчи омил бўлиб қолаверади. Шу боис жорий йилда “Ўзбекистон Республикасининг Яйловлар тўғрисида” ги Қонуни қабул қилинди. Бу ҳам чорвачиликни ривожлантириш учун қўйилган қадамлардан бири десак муболаға бўлмайди.
Иккинчидан, мамлакатимизда яқин тарихида давлатга гўшт етиштириб бериш учун қорамолчилик фермалари фаолият юритган. Ҳар бир туман ва вилоятдаги бу фермалар халққа гўшт етказиб берадиган асосий манба бўлган. Кейинчалик фермер хўжаликлари ташкил этилиши баробарида бу фермалар ўз-ўзидан йўқолиб кетди.
Учинчидан, асосий чорва молларини тахминан 95% аҳоли қўлида. Яъни одамлар ўзи ойлаб боқиб, семиртирган молини арзон гаровга сотишга кўнмайди. Буни ҳам тушунса бўлади. Демак, бугун гўшт етиштираётган катта куч халқимизнинг ўзи. Нарх-навога бунинг таъсирини алоҳида келтириш шарт эмас бизнингча… Қолган 5% фермер хўжаликлари тасарруфида.
Тўртинчидан, ўтган йили қурғоқчилик келганда халқимизни ўзи мол боқишда ем-хашак топишга қийналиб қолди. Бугун ҳам бозорларимизда ем нархи 2800 дан 3800 сўмгача сотилмоқда. Қорамолчилик билан шуғулланадиган фермерларнинг фикрига кўра, битта қорамолни боқиб семиртириш учун кунига энг кам миқдорда олганда ҳам 10 кг ем кетар экан. Боқиш муддати эса 3 ойдан кўп вақтни талаб этади. Биргина ем нархи билан чекланмайлик, қорамолчилик билан шуғулланаётган инсонлар меҳнатини бошидан ўтказганлар билади. Бу осон иш эмас! Ем нархининг қимматлиги, қолаверса баъзи бир туманларда топилмаслиги ҳам гўшт нархи ошиб кетаётганига таъсир этаётган яна бир омилдир.
Ўтган йилдан буён “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастури юзасидан ўз уйида чорва молларини боқиш учун юртдошларимизга кредитлар берила бошлади. Бунинг ҳам аммоси бор… Қандай дейсизми? Энг қизиғи ҳам шундаки, дастур доирасида банкдан берилаётган кредит қайсидир таъминотчига пул кўчириш билан амалга оширилади. У ерда 5 миллион сўмлик молни 10 миллион сўмга олишингиз тайин. Ёки 30% ни олиб, кредит олаётган инсонга пули нақдлаб берилади. Қараб турибсизки қорамолчиликни ривожлантираман деган инсон йўлдаёқ қароқчига учрайди. Ота-бобоси чорва билан шуғулланган, болалигидан молни боқиш ҳадисини олган инсонга банкда фаолият юритаётган, молни ипини ушламаган инсонни ақл ўргатиши шарт эмас!
Бирор муаммога дарғазаб бўлиб, бонг уришдан аввал муаммонинг негизини ўрганайлик. Гўштни қиммат сотишдан ҳеч кимга наф йўқ. Биз фермерлар, гўшт етиштирувчилар томонида бўлиш ниятимиз йўқ. Истеъмолчилар учун сифатли гўшт маҳсулотлари муқобил (чўнтак кўтарадиган) нархда бўлишини истаймиз. Аммо бизда мавжуд камчиликлар тузатилмаса, бунга ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутсак, гўшт маҳсулоти юзасидан муаммолар тугамайди. Қуруқ гап, ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозараларимиз ҳаётимизни яхши томонга ўзгартириб бермайди. Зеро ҳар биримиз инсон сифатида кундалик эҳтиёжларимиздан келиб чиқиб истеъмолчимиз. Бир қорамолнинг гўшти растага етиб келгунга қадар қанча босқич амалга оширилади. Яъни занжир каби бир-бирига боғлиқ муаммоларимиз борлигини унутмайлик!
Гулноза Шарафова,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси, етакчи мутахассиси.
ЎзА дан олинди.