- Жамият, Қарор ва ижро   332

“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар киритилди

2022 йил 6 декабрдаги ЎРҚ-808-сонли Ўзбекистон Респубоикаси қонуни билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур қонун нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнларини соддалаштириш, давлат божидан озод қилиш ва бошқа бир қатор ўзгаришлар ва қўшимчалар орқали фуқароларга қулайлик яратишга қаратилган.

Қонун билан вафот этган фуқаронинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия таъминотига нисбатан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани беришда давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланган.

Бундан ташқари, нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган тўловлар миқдорини фуқаролар учун тушунарли тарзда баён этилишини ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида давлат божи ставкалари оптималлаштирилган.

Қонунга асосан мол-мулкни ижарага бериш шартномасини тасдиқлаганлик ёки унга ўзгартиришлар киритганлик учун белгиланган давлат божи миқдорлари икки баробарга камайтирилган.

Гаров, ипотека ва лизинг шартномаларини, қарз шартномаларини ҳамда автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун табақалашган давлат божи ставкалари бирхиллаштирилиб, ягона ставка миқдорида белгиланган.

Қонун билан автомототранспорт воситаларини бошқаришга ва тасарруф қилишга оид ишончномалар, шунингдек, автомототранспорт воситаларидан текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун қариндошлиги бўлмаган бошқа шахслардан ундириладиган давлат божи миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробаридан 2 баробарига камайтирилган.

Шунингдек, фуқаролар ўртасида қарз шартномасини тузишда ва ижро этишда эҳтимолий низоларни олдининг олиш, судлардаги иш юкламасини камайтириш мақсадида, Қонун билан чет эл валютасида ушбу турдаги шартномаларни нотариал тартибда расмийлаштиришда давлат божи миқдорини икки бараварга камайтириш назарда тутилган.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши билан мамлакатимиз аҳолисига давлат божини тўлашда ва ҳисоблашда қулай ва тушунарли амалиётни шаклланишини, давлат божи бўйича имтиёзларни тўғри қўллашни ҳамда фуқаролар учун давлат божини тўловлари юзасидан енгилликни таъминлайди.

А.АКБАРОВ,

Марғилон туманлараро иқтисодий судининг раиси.