Бир кун пиёдасиз, бир куни ролда,
Тонгда шаҳардасиз, кечқурун чўлда,
Умрнинг ярмиси ёмғирда, дўлда,
Ярмиси тўшалиб ётади йўлда.
Элим деб, юртим деб ёнган жонларим,
Журналист дўстларим, қадрдонларим!
Қайгадир ой нури тушмасдир балки,
Қайгадир етолмас чақмоқлар залпи,
Журналист халқи-чи, журналист халқи,
Ҳар ерда туради ярқираб, балқиб.
Элим деб, юртим деб ёнган жонларим,
Журналист дўстларим, қадрдонларим!
Битта хабар учун, бир сатр учун,
Гоҳ олам нурафшон, гоҳида тутун,
Шундан бахтиёрсиз, шундан бахтлисиз,
Дунёда бахт йўқдир шу бахтдан устун.
Элим деб, юртим деб ёнган жонларим,
Журналист дўстларим, қадрдонларим!
Райҳон-жамбилларни узган нокаслар,
Яхшилар устидан кулган нокаслар,
Ҳақиқат менман деб турган нокаслар,
Сизга дуч келганда титрайди хасдай.
Элим деб, юртим деб ёнган жонларим,
Журналист дўстларим, қадрдонларим!
Нонингиз гоҳ бутун, гоҳо яримта,
Қалбингиз туҳматдан гоҳ нимта-нимта,
Аммо дардингизни айтмай ҳеч кимга,
Мадад бўлай дейсиз она халқимга.
Элим деб, юртим деб ёнган жонларим,
Журналист дўстларим, қадрдонларим!
Абдусаид КЎЧИМОВ.