Ҳар ким жамиятда ўз ўрнини топиб, яхши яшашга ҳақли. Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар асосида амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар негизида инсон манфаатлари устувор. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 июндаги «Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ҳамда 2019 йил 7 мартдаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг бизнес ғояларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш назарда тутилган.
Мазкур Давлат дастури ва қарор асосида туманда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 2019 йил 1 майдан 23 июль кунига қадар юридик ва жисмоний шахсларга тўртта сектор бўйича 1193 нафар фуқарога 11 миллиард 926 миллион сўм имтиёзли 8 фоизли кредитлар ажратилди. Туманимизда берилган кредитлар иссиқхона, чорвачилик (наслли), паррандачилик, балиқчилик, ҳунармандчилик, тикувчилик, асаларичилик ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга йўналтирилди.
КРЕДИТ ҚИММАТГА ТУШДИ
Кредит олиб, иш бошлаган ҳамюртларимиз фаолиятларини ўрганиш мақсадида, Ёзёвон тумани Қорасоқол, Хонобод, Чўлигулистон, Иштирхон МФЙларда бўлдик.
Имтиёзли кредит олган фуқаро борки: “Бирим икки бўлсин, турмуш фаровонлигим ошсин”, дея ният қилади. Ҳақиқатдан ҳам олинган кредитдан барча ҳам мамнунми? Яхши ниятда дастлаб, Қорасоқол МФЙда бўлиб, йиғин раиси Салоҳиддин Ибрагимов билан учрашдик. Муддаомизни айтиб, мутахассиси Махсудахон Тешабоева билан наслли қўй олишган ва иссиқхона қилдирган хонадон соҳиблари билан суҳбатлашдик. Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, маҳала йиғинидаги 2 нафар фуқаро иссиқхонага, 30 нафар фуқаро наслли қўй олишга, 1 нафар тикувчиликка, 6 нафари парранда учун имтиёзли кредит олишиб, имкониятдан фойдаланишаётган экан.
“Истиқлол” кўчаси 20-уйда яшовчи Маъмуржон Умаров хонадонининг 6,5 сотихига таъминотчи Одилжон Рахимов раҳбарлигидаги “Сахий юрт неъмати” агрофирмаси ишчилари томонидан иссиқхона қурилган. Сотихи туман ҳокимлиги томонидан келишиб белгиланган нархга мос келади. Шунинг учун М.Умаров таъминотчининг сифатли бажарган иши ҳамда кўрсатилган хизмат нархидан рози эканлигини таъкидлади.
“Истиқлол” кўчаси 2-уйда яшовчи Мирзоҳид Бобораҳимов турмуш ўртоғи Фотимахон Жамолова билан биргаликда Олтиариқ тумани Қизилтепа қишлоғидаги наслли қўй таъминотчиси “Абдуғаниобод” чорвачилик хўжалиги бошлиғи Абдуғани Давлатовдан 19,5 миллион сўмга 10 та 850 минг сўмдан, 10 та 1 миллион 100 минг сўмга, жами 20 та қўй олган. Хонадонида бўлиб, мавжуд аҳволни ўрганимизда, М.Бобораҳимов ҳасратидан “чанг” чиқди. У биз билан суҳбатда шундай деди:
–Олган қўйимиздан 2 таси ҳадеб йўталаверганидан сўнг сўйишга мажбур бўлдик. Ўпкаси “кетган” экан. Нарҳи 1 миллион 100 минг сўмли қўйлардан эди. Яна учтаси йўтала бошлагач, дори-дармон қилсак ҳам фойдаси бўлмади. Бозорга олиб чиқиб, 650 минг сўмдан сотдим. Қўйларим 15 та қолди. Бахтимизга чўпон қўшнимиз борлик қилди. Унинг маслаҳати билан қолган қўйлар эмланиб, касалликлари олди олинди.
Суҳбатимизга онаси Хосиятхон Мирзаҳакимова қўшилди:
–Қўйларни бари қўчқор, совлиқ йўқ. Ўғлим совлиқ олмоқчи бўлса бермаган. Ўғлим кредитга наслли қўй олиб, парваришлаб туёқ сонини кўпайтирмоқчи эди. Афсус, бизни оилага имтиёзли кредит қимматга тушди.
Таъминотчига қўнғироқ қилсак, иш юритувчиси Ҳабибулло Маҳрамов гўшакни кўтарди. Вазиятни тушунтирсак, телефон орқали қуйидагиларни маълум қилди:
–Ёзёвонликлар 500 миллион сўмга яқин маблаққа биздан наслли қўй олишди. Қўйлар Қозоғистон ва Тожикистондан келтирилган. Тирик вазни 28 минг сўмдан сотилди. Бозор нархидан арзон сотганмиз. Арзи бўлса, 10-15 кун ичида бизга мурожаат қилганда бўларди.
ХОНОБОДДА НИМА ГАП?
Хонобод МФЙ ҳудудида 52 нафар аҳолига “Ипотекабанк” Ёзёвон филиали томонидан 505 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилган. Йиғин раиси Илҳомжон Тўхтақўзиев билан имтиёзли кредит олган кам таъминланган ва бошқа фуқаролар хонадонларини айландик. Ғофур Ғулом кўчаси, 27-уйда яшовчи Даврон Ҳошимов билан гаплашганимизда, у Гулистон МФЙ ҳудудида жойлашган, таъминотчи Адҳамжон Холматов раҳбарлигидаги “Олтин кўл” фермер хўжалигидан ҳар бир қўйнинг тирик вазнини 30 минг сўмдан 16 та қўйни 20 миллион сўмга олган. Унга юзланиб: “Олинган қўйлар бозор нархидан арзонми, қиммат”, деган саволимизга, шундай жавоб қилди:
–Бозор нархидан камида 200 минг сўм қиммат. Мени қўйларни боқиш учун шароитим борлиги ва кредитни уч йил давомида тўлашимни ҳисобга олсам, зиён қилмайман.
Шунингдек, раисбуво билан шу кўчада яшовчилардан, кам таъминланган Муҳаббатхон Қорабоева, Хайрулло Шокиров, Абдусамад Рустамов, Бурҳониддин Марғилоний кўчасида истиқомат қилувчи Нилуфархон Тожибоева, Хатичахон Барасулова хонадонларида бўлиб, суҳбат қурганимизда, бозор нархидан 300-350 минг сўм қиммат олишганини тилга олдилар.
ИШТИРХОНДА ИШЛАР БЕШМИ?
Туманимизнинг чекка ҳудуди – Иштирхон МФЙ одамлари тадбиркор, уста деҳқон. Ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган имконият ва шароитлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишади. Йиғин раиси Ҳасанбой Араббоев ёш бўлишига қарамай, ўз ўрни ва обрўсига эга. Унинг таъкидлашича, 22 та хонадон эгаси 210 миллион сўмли имтиёзли кредитлар олишиб, мақсадли фойдаланишяпти. Жорий йилнинг май ойида 3-сектор раҳбари ташкилотчилигида Қоратепадаги 37-ИДУМ биноси олдида наслли қўй таъминотчиси, Янгиобод МФЙдаги “Аброрбек, Асадбек барака” фермер хўжалиги етакчиси Қаҳрамон Абдуллаев кам таъминланган ва бошқа фуқароларга қўй тарқатган. У аҳолига туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган нархномадаги тирик вазнининг ҳар килоси 24 минг сўмдан эмас, қўйнинг қўчқор ёки совлиқлигига қараб, 28-30 мингдан тарозидан ўтказган.
Ана шу қўйлардан Иштирхондаги 9 нафар кам таъминланган оила вакиллари ҳам олишган. Йиғин раиси билан улар хонадонида бўлдик.
Дастлаб, Бобур кўчаси 82-уйда истиқомат қилувчи Дилдорахон Жўраева қўрасида парваришланаётган наслли қўйларни кўришдан бошладик. Унга учта қўй 4 миллион сўмга тушган. Дилдорахон мамнунлигини билдирди:
–Қўйларни олган кунлардаёқ, ветеринар врачимиз Холиқ Қобулов текшириб, касалликка қарши укол қилдирдик. Худога шукур, ем-хашак ейишлари яхши.
Шу кўчанинг 49-уйидаги Махсудахон Нурматова 10 та қўйни 14 миллион сўмга олган. Қўйлар қиммат бўлишига қарамай, норози эмаслигини билдирди.
ХУЛОСА ЎРНИДА…
Ҳурматли муштарий, юқорида ҳамюртларимизнинг 8 фоизли имтиёзли кредитдан қандай фойдаланишаётгани ва баъзи таъминотчиларнинг “фаолияти” бўйича тасаввурга эга бўлдингиз. Кўриниб турибдики, таъминотчилар мазза қилишган. Ўзлари истаган, бозор нархидан анча қиммат нархда маҳсулот етказиб беришган. Шунинг учун айтдик-да, жон куйдириб: “Кимга аза, кимга мазза?!” деб.
Бахтиёржон ЖОЛЧУЕВ,
журналист.