- Турфа олам   969

ЗАРАРКУНАНДА ҲАШОРОТЛАРГА ҚАРШИ БИОЛОГИК УСУЛДА КУРАШИШ

Зараркунандаларга қарши турли организмлар-йиртқич ва паразит ҳашаротлар, каналар, қушлар ва бошқалардан фойдаланилади. Ўзбекистонда ўсимликларни биологик усулда ҳимоя қилишда олтинкўз, трихограмма ва бракон энтомофаглари кенг қўлланилмоқда.

Ҳозирги пайтда ўсимликларни биологик ҳимоя қилишда кенг қўлланилаѐтган энтомофаглар орасида олтинкўз алоҳида ўринни эгаллайди.
Олтинкўз ҳашаротидан самарали фойдаланиш учун аввало бу кушанданинг биологик хусусиятлари ва қўллаш технологиясини чуқур билиш лозим. Ўзбекистон шароитида асосан оддий олтинкўз (Chrysopa carnea) ва етти нуқтали олтинкўз (Chrysopa septempunctata Wegrn) кўп қўлланилади.
Оддий олтинкўз тўр қанотли, кўзлари ялтироқ турувчи ўртача катталикдаги яшил ҳашарот бўлиб танасининг узунлиги 20-25мм, қанотларини ѐйганда 30-40мм ни ташкил этади. Тухумлари овалсимон бўлиб қилсимон пояча устида бўлади. Личинкаси узунчоқ бўлиб танасини ўрта қисми йўғон боши ва орқа томони ингичка бўлади. Бошида ўроқсимон бақувват жағлари бўлади. Олтинкўз личинкалари комподийсимон бўлади. Личинкани ранги оч сариқ тусда, кейинчалик сариқ қўнғир рангда баъзан кўкиш қўнғир тусга киради. Олтинкўз ғумбаги юмалоқ оқ тусли пилла ичида бўлади. Оддий олтинкўз табиатда диапаузага кирган имаго (оталанган ва оталанмаган) ҳолда дарахтлар ѐриқларида, ўсимлик қолдиқлари остида биноларнинг ичида қишлайди. Эрта баҳорда суткалик ҳарорат 11-16ºС бўлганда бу ҳашаротлар қишлаш жойларидан чиқади. Оддий олтинкўзни қишлашдан чиқиши таҳминан март ойининг 2-ўн кунлигига тўғри келса, уларнинг ғўзага тухум қўйиши май ойининг 2-3 ўн кунликларига тўғри келади, имагоси 35-45 кун яшаб, шу давр ичида 250 дан 500 қадар тухум қўяди. Тухумдан 5-6 кун ичида личинка чиқади. Личинкалар жағларини ўсимлик битлари, ўргимчаккана, кичик ѐшдаги кўсак қуртлари ва уларнинг тухумларига санчиб уларнинг ичига ҳазм суюқлигини юборадилар сўнгра ярим ҳазм бўлган озиқани сўради. Бир кунда личинка 7-30 та, ўз ҳаѐти давомида 500-600 зараркунанда ҳашарот ва каналарни қириши мумкин. Ғумбагидан 6-8 кунда имаго чиқади. Бир авлодини ривожланиши 25-35 кун давом этади. Оддий олтинкўз йилига 4-5 авлод бериб ривожланади. Олтинкўз биолабораторияларда кўпайтириш йўли билан қўлланил-моқда. Қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши биологик усулда курашда олтинкўзни тўғри қўллаш муҳим аҳамият касб этади. Март ойининг 1-2 ўн кунликларида 1 м² бегона ўтда 2 та ўсимлик бити кузатилганда (1 га ерда 20000 та бўлади) олтинкўз 1:30 нисбатда қўйилади. Ғўза трипсига қарши бир далада 20 та намуна кўрилиб (3х20-60 та ўсимлик) зараркунанда кузатилса 1:1 нисбатда энтомофаг чиқарилади. Апрель ойининг 2-3 ўн кунлигида ғўза битлари кўрина бошлайди. Шу даврда олтинкўз тухумлари 1:1 нисбатда чиқарилади. Ўргимчакканага қарши олтинкўз анча эртароқ май ойининг бошларида дастлабки ўчоқлари кўринишидан бошлаб чиқарилади. Май ойининг охиридан бошлаб ўсимлик битларига қарши олтинкўз 1:30 нисбатда чиқарилади. Агар 10 м² майдонда 1-2 та кўсак қурти тухуми ѐки кичик қуртлари кузатилса, энтомофагни зараркунанда тухумига нисбатан 1:15 ѐки зараркунанда қуртига нисбатан 1:1 нисбатда чиқарилади. Олтинкўз нам ҳавони яхши кўради. Шу сабабли суғорилган далалар ва ариқ ѐқаларида кўп учрайди.
Трихограмма (Trichogramma pintoi Voeg). Трихограмма майда ҳашарот бўлиб, танасининг узунлиги 1 мм дан кичикроқ қўнғир қорамтир ѐки қора рангда бўлади. Олдинги жуфт қанотлари кенг ҳошияли ва аниқ ифодаланган туклари бор, орқа жуфт қанотлари эса қисқа, ипсимон мўйловлари қисқа бўлади. Эркак трихограммаларда мўйловлари 3 бўғимли, сийрак узун тукли, урғочиларида эса 5 бўғимли, охирги учлари тўғнағичсимон йўғонлашган бўлади. Урғочилари ўз тухумларини зараркунанда хўжайин тухумига қўяди. Бунда улар янги қўйилган тухумларга кўпроқ тухум қўяди. Трихограмма паразити зарарланган тухумлар кўкимтир товланувчи қора рангда бўлади.
Трихограмма қишлоқ хўжалик экинлари экиладиган ҳамма худудларда илдиз кемирувчи тунламлар, карам тунлами, ғўза тунлами (кўсак қурти), карадрина каби тунлам ҳашаротларига қарши кенг қўлланилади. Олма қуртига қарши алоҳида туридан фойдаланилади. Умуман олганда ғўза, помидор ва маккажўхори далаларида баҳор ва кузда 6 кун, ѐзда 3 кун оралаб, 5х5 м майдонга қўйиш тавсия этилади. Ғўза тунламига қарши трихограмма май ойининг 3-ўн кунлигидан бошлаб қўйилади. Трихограмма эрталабки ва кечки салқин пайтда қўлда ѐки механизация ѐрдамида тарқатилади. Қўл билан тарқатилганда ҳар 5-10 м юргандан кейин идиш оғзи очилиб трихограмма чиқарилади. Трихограмма тракторда тарқатилганда шиша идишлар оғзи ҳар 5-10 м майдонда очилиб трихограмма чиқариб юборилади.
Бракон (Bracon hebetor Say). Бракон пардақанотлилар туркумига кирувчи яйдоқчи ҳашарот. Бу энтомофаг ғўза тунлами, беда тунлами, карадрина, кунгабоқар парвонаси, маккажўхори парвонаси ва бошқа кўплаб капалак қуртларининг паразити ҳисобланади. Энтомофагнинг личинкалари зараркунанда қуртлари ташқи томонидан туриб озиқланиб қуртларнинг ўлишига олиб келади. Танаси жигарранг тусда айрим ҳолларда кўк рангда, мўйлови оч жигарранг, тана узунлиги 2,3-2,6 мм.
Бракон имаголик ҳолида ўсимлик қолдиқлари остида ғўза, сабзавот далалари ва боғларда қишлайди. Эрта баҳорда март-апрель ойларида ҳаво ҳарорати 13-15ºС бўлганда имаголари қишловдан чиқади. Имаголар бегона ўтлар, бедазор ва дарахтларнинг гулларини нектари билан озиқланади. Браконнинг биринчи авлоди бегона ўтлар ва бедадан ўтади, сўнгра улар помидор, ғўза, маккажўхори экинларида ривожланади. Ҳаво ҳарорати 27-32ºС, нисбий намлиги 75-80% бўлганда бракон 8-12 кун яшайди. Ёз ойларида қўшимча озиқланмаган имаголари 3-4 кун яшайди, гемолимфа билан озиқлантирилганда 13-15 кун, углеводлар билан озиқлантирилганда 12-14 кун, углевод ва гемолимфа билан озиқлантирилганда 20-25 кун яшайди.
Ҳаво ҳарорати 28-30ºС, бўлганда қўшимча озиқланган битта урғочи имаго кунига 10-30 та, 32-35ºС бўлганда 60 та жами 250-300 та тухум қўяди. Бир суткада битта яйдоқчи 100-150 та қуртни чақиб шол қилиб қўйиши мумкин. Табиатда бир мавсумда 9-12 марта авлод беради. Яйдоқчи битта кўсак қуртига 20 тагача тухум қўяди, мум парвонасига 10 тадан 20 тагача тухум қўяди. Ток қуртининг бир донасида 250 тагача паразит личинкалари бўлиши мумкин. Оталанган бракон урғочилари тухумидан эркак ва урғочи, оталанмаган тухумлардан фақат эркак браконлар чиқади. Бракон паразити асосан ўрта ва катта ѐшдаги қуртларни зарарлайди. Бу энтомофагни далага чиқаришда унинг учиш қобилиятини ҳам ҳисобга олиш лозим. Браконни далада 30х30 м схемада қўллаш яхши натижа беради.
Башорат маълумотларига асосан бракон 100 ўсимликда 1-2 та қурт пайдо бўлганда чиқарилади. Агар 100 ўсимликда 1-2 қурт топилса (бир гектар майдонга 1000-2000 та қурт) бракондан яхши самара олиш учун 10 кун оралатиб 3 марта 1:20, 1:15, 1:10, 1:5 нисбатларда чиқарилади.

Р.АБДУБАННОПОВ,
Д.ОЛИМОВ,
О.МАМАЖОНОВ,
Д.АБДУРАҲМОНОВ,
О.САЛИМОВ,

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспекторлари.