- Жамият, Маънавият   1 495

ИБРАТЛИ УМР

Турғунбой Ўринбоев 1930 йили Эшонтўпи қишлоғида туғилган. У кишининг ҳаёт йўллари мазмунли ўтди. Ибрат олса арзийдиган умр кўрди.

Т.Ўринбоев билан 1974 йилдан бирга ишлаганман. Турғунбой ака совхоз директори, мен бўлимда агроном бўлиб юрганман. Кўп яхши ишларни, одамийликни, раҳбарликдек машаққатли ишларни ўргандим. Ҳақли равишда биринчи устозим бўлади. Устозни хотирлаб, ҳаёт йўлларидан озгинасини ёдга олишни лозим топдим.

Дастлаб ишни колхозда табелчиликдан бошлаган Турғунбой кейинчалик Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлади. Олий партия мактабида ўқиди. Туман партия қўмитасида халқ назорати раиси бўлиб ишлади.

Хўжаликка раҳбарлик йилларида пахтани машиналар билан териб олишда яхши натижаларга эришди. Совхоз ишчиларини йиллик даромадлари кўпайди. Халқ бундан миннатдор бўлди. Пахта-беда алмашлаб экиш тизими тўлиқ ўзлаштирди. Натижада хўжалик йилдан-йилга иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлиб борди. Дала йўллари, аҳоли пунктлари асфалpтланди. Аҳолини турмуш даражаси яхшиланиб борди.

Тошкентдан академик Қирғизбой Мирзажонов бошлиқ бир гуруҳ СОЮЗНИХИ олимларини таклиф қилди. Уларни тажриба ўтказишлари учун 200 га ер майдони ажратиб берди. Қува пахта тажриба станциясидан Қозоқбой Шодмонов янги пахта навларини Марказий Фарғона ерлари шароитида синаб кўрдилар. Илғор агротехника усулларини ишлаб чиқишди. Улар 500 га майдонда ёпиқ горизонтал дренажлар ўрнатишди. Шу ерларда тўлиқ сув йўллари лотоклаштирилди.

Устоз далада ишлаётган ҳар қандай техникани олдига бориб, назорат қилар, керак бўлса уни созлаб ҳам берар эди. Кўпинча тушликни ишчилар, механизаторчилар, сувчилар билан бирга қиларди. Камтар инсон эдилар. Ҳеч кимни қаттиқ гапириб ҳақорат қилганини кўрмаганмиз. Бир воқеа ҳануз эсимда. Кечки пайтда идорага йиғилиш чақирилди. Ҳамма бригадир, табелчи, мутахассислар тўпландик. Йиғилиш қисқа бўлди. Ўринбоев сўзини оҳирида «қани энди ҳамма бизникига. Тўйга борамиз. Ўғилни уйлантиряпман», деди.

Қарангки уйида тўйи бўла туриб ҳам қадрдон даласини айланиб юрган экан. Ҳеч қачон ўз манфаатини давлат манфаатидан устун қўйган эмас. Хаттоки уйида қўшниси билан ораларида девор қилишга ҳам фурсати бўлмаган экан. 4 та уста гарбил тахталар билан тўсиб берганларини биламиз. Бундай фазилатли инсонлар ҳаётда камдан-кам учрайди. Бу каби ибратли одамлар халқ хотирасида узоқ яшайди.

Т.Ўринбоев 1986 йили 56 ёшида оғир касалликдан сўнг ҳаёт билан видолашди. Охиратингиз обод бўлсин, устоз!

Убайдулла ЭРГАШЕВ,

меҳнат фахрийси.