- Жамият, Ислоҳот, Маънавият, Туман янгиликлари, Турфа олам   501

ИСТИРОҲАТ БОҒИ НОМИГА ЯРАШАМИ?

Дам олиш кунлари ҳаво исиб кетгани боис салқин жой ахтариб, туман марказидаги истироҳат боғига чиқдим. Негаки ёшлигимизда бу истироҳат боғи жуда гавжум ва соя салқин эди. Доим оқсоқоллар шахмат ўйнаб ўтиришар, боғнинг ўртасида уста Ҳамидулло хожи аканинг (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) чойхонаси бўлар эди. Чойхонанинг бурчагида турли хил паррандалар, қушлар боқилиб, чойхонага келган кишининг завқини оширарди. Устанинг чойхонасидаги ошни ейиш учун вилоятнинг турли бурчакларидан хўррандалар келишарди. Бу чойхонада юртимиздаги машҳур кишилар келишиб меҳмон бўлиб кетишган.

Бугунчи? Боғнинг ичига кирган кишининг кайфияти бузилади. Азим чинорлар, бир неча йил инсонларга соя-салқин берган дарахтлар қурий бошлабди. Боғнинг ичига янгилик қилишиб, бетон йўлаклар қилинган. Ўзгача манзара кашф этишган. Лекин бу қилинган ишлар боғнинг асл ҳолатини, асл ҳузурни инсонларга бағишлай олмаяпти. Азим чинорларни қуриётганини кўриб, шу даражага етиб келгунча не-не инсонларни меҳнати ва умри кетган. Нимага бефарқмиз? Шу дарахтларнинг қуришида ҳар бир ёзёвонлиеман, деган инсонлар ўзларини айбдор, деб билиши зарур. Келажак авлодга биз нимани ташлаб кетамиз? Қуриган боғними?
Борининг қадрига етайлик. Тошлоқ, Қўштепа туманларида бизникидай боғ йўқ. Улар етиша олмай, армонда.
Яқинда “Руҳсор” телевидениесида ҳам боғ масаласи кўтарилиб, танқид қилинди. Шундан кейин ҳам мутасадди раҳбарлар, маъсул шахслар бефарқ-ку! Керак бўлса хашар йўли билан боғни асраб қолишимиз керак. Ёзёвонликлар савобли ишларда хашарни қўллаб-қуватлашади.
Масалан маҳалламиздаги нуронийларимизга дам олишлари учун чойхоналар, дам олиш масканлари ҳам мавжуд эмас. Оқсоқолларимиз кўчалардаги соя-салқин жойларда тўпланиб ўтиришади. Буларни кўриб, инсоннинг ичи емирилади. Негаки яқин кунларда бизлар ҳам нафақага чиқсак, қаерга боришимизни билмай қоламиз.
Баъзи туманларга йўлимиз тушиб борганимизда туманнинг ўзига яраша мўъжазгина боғи бор. Дов-дарахтлар бизникичалик бўлмаса ҳам борини асраб-авайлашади.
Бир тасаввур қилиб кўринглар, боғнинг ичига кирсангиз, машҳур ҳофизларнинг қўшиқлари янграб, дилга оро бериб турса. Чойхоналар яна файзга кириб, меҳмонларга хизмат қилиб турса. Буни нимаси ёмон? Боғ дегани аҳолига маънавий ва эстетик руҳ бахшида этадиган маскан эмасми? Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб, атрофга назар солмаса, инсонийлик ва қадриятлар сўниб кетмайдими?
Яқин кунларда Ёзёвонимизнинг 70 йиллик юбилей тўйини нишонлаш арафасидамиз. Бунга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Боғдаги азим чинорларга ҳам камида 40-50 йил бўлган. Эшитишимча, боғдаги чинорларни атайин қуришини кутаётган тадбиркорлар бор эмиш. Боғни ичига савдо марказлари қуриш режасида юришган экан. Ташқарида қанча-қанча савдо дўконлари очилиб, фаолият юритиб келмоқда.

Ҳурматли соҳа раҳбарлари ва истироҳат боғи учун масъул шахслар!
Ёзёвон тумани аҳолисига ортиқча савдо маркази керак эмас. Бизга сўлим гўша, соя-салқин жой ва миллий қадриятларимизни эслатувчи куйлар янграб турувчи, инсонларга ўтмишни эслатиб турувчи боғ керак. Бу мурожаатимизни ҳам бефарқ қолдирмайсилар, деган умиддамиз.
Муҳтарам Президентимиз ҳам дунё ҳамжамияти аҳолисини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришга чорлаб турибдилар. Яшил маконлар барпо этаяптилар. Боғни асраб қолиш ҳам жуда катта савобли иш, деб ўйлайман.
Динимизда ҳам қиёмат куни келганда ҳам қўлингда бир туп кўчат бўлса, шуни ҳам ўтказиб қўйгин, дейилганку!

Азиз тумандошлар!
Бу мақоламни ўқиб, ўзларингни фикр-мулоҳазаларингни берасизлар, деган умиддаман. Бу мақолам билан кимнингдир кайфиятига салбий таъсир қилган бўлсам ёки ақллилик қилган бўлсам, узр сўрайман. Лекин ота-боболаримизни бизга мерос қилиб ташлаб кетган ва ҳозирда меҳнатлари қадрланмаётганидан кайфиятим бузилиб, бунга қўл урдим. Боғни асраб-авайлашда кўмак беринглар! Кейин афсус қилиб қолмайлик!

Мансуржон ИНОМОВ,
Наврўз МФЙ раиси, туман кенгаши депутати.