- Жамият   1 133

ИС ГАЗИДАН ЗАҲАРЛАНИШДАН ЭХТИЁТ БЎЛИНГ!

Қиш мавсумида ҳаво ҳарорати пасайиши билан фуқароларимиз томонидан хонадонларни иситиш мақсадида турли хилдаги ёқилғи турларидан (табиий газ, суюлтирилган газ, кўмир, ўтин ва бошқалар) фойдаланишга эҳтиёж ортади. Бу эса ўз навбатида хонадонларда ёнғин, чақнаш ҳолатлари ҳамда табиий ва ис газларидан заҳарланиб қолиш эҳтимолини оширади. Бундай нохуш ҳолатларни олдини олиш, инсонлар ҳалок бўлиши, уй-жойларимиз куйиб кулга айланишига йўл қўймаслик учун профилактик чора-тадбирларни кучайтириш барчадан бирдек масъулиятни талаб этади. Ёнғин барча учун тушунарли офат албатта. Хўш, “ис газидан заҳарланиш”, “чақнаш” деганда нималарни тушунамиз? Бу каби фавқулодда вазиятлар айнан қандай сабаблар оқибатида юзага келмоқда? Маълумки, таркибида углерод бўлган ҳар қандай модда кислород (ҳаво) ёрдамида ёнганда карбонат ангидрид ва бошқа чиқинди газлар ҳосил бўлади. Ёниш жараёнида кислород етарли бўлмаганда эса чала ёниш юзага келиб, ис гази – яъни углерод (II) оксиди ҳосил бўлади.

Ис гази хонадонларда фойдаланиладиган табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, ўтин ва бошқа ёқилғининг тўлиқ ёнмаслиги натижасида пайдо бўлиши мумкин. Ис гази шу жиҳати билан хавфлики, у рангсиз ва ҳидсиз бўлиб, нафас йўллари орқали қонга сўрилганда организмни, хусусан марказий асаб тизимини жиддий зарарлайди. Инсон ис гази билан заҳарланган ҳаводан нафас олиб турса ҳам ҳеч нарсани сезмаслиги мумкин. Бундан ташқари, ис газидан органик моддалар (ацетон, метил спирт, фенол ва бошқалар)ни синтез қилувчи корхоналарда, вентиляция ёмон бўлган гаражларда, янги бўялган хоналарда ҳам заҳарланиб қолиш мумкин. Яна шу нарсани маълумот ўрнида айтишимиз мумкинки, хонадонларда фойдаланилаётган табиий газнинг асосий қисми метандан иборат. Табиий газ арзон, сақлаш учун жой талаб қилмайдиган ва чиқиндисиз ёнадиган қулай ёқилғидир. Табиий газ ёнганда 8000-8500 ккал иссиқлик энергияси ажралиб чиқади. Лекин шуни унутмаслигимиз керакки, ундан фойдаланишдаги хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик жуда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки метаннинг маълум бир ҳажмдаги ҳаво билан аралашмаси портлаш (чақнаш)га жуда хавфлидир. Яъни чекланган ҳажмда (ўчоқ, иситиш печкалари, хона ва биноларнинг ичида) табиий газ ҳаво таркибида 5% дан 15% гача бўлган миқдорда тўпланиб қолса, жуда кучли портлаш хавфи пайдо бўлади.

Табиий газ аслида рангсиз, ҳидсиз ва мазасиздир. Газ чиқаётганини ҳид сезиш органлари орқали билиш учун унга одорант моддаси қўшилади. Борди-ю газ бирон бир ёпиқ жойга тўпланиб қолса, ҳаводаги кислородни сиқиб чиқаради ва у ердаги одам табиий газнинг ўзидан заҳарланиб нобуд бўлиши ҳам мумкин. Олиб борилган таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатлари асосан (60-70%) кўп қаватли уйлардаги хонадонларни иситишда      газ плитасидан фойдаланиш натижасида, қолган ҳолатларда эса мўриларнинг  ўз вақтида тозаланмаслиги, тутун йўллари ва форточкаларнинг ёпиб қўйилиши, чет элларда ишлаб чиқарилган, ностандарт ва қўлбола иситиш воситаларидан нотўғри фойдаланиш, уйни иситишда очиқ ҳолдаги кўмир ва ўтин чўғларидан (сандал ёрдамида) фойдаланиш натижасида, чақнаш ҳолатлари эса турли хилдаги газ сўрғич мосламалар, резина шланглар ҳамда ностандарт газ баллонларидан фойдаланиш натижасида келиб чиқаётганлиги маълум бўлмоқда. Хўш, бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун қандай чора-тадбирларни кўриш талаб этилади, қандай ҳаракатлар тақиқланади?

 Иситиш мавсуми давмомида мунтазам равишда печлар, қозонхоналар, сув иситиш колонкаларининг созлиги, мўриконларнинг тозалигини текшириб туриш;

 Носоз, ностандарт, қўлбола иситиш мосламаларидан, сифатсиз ва техник кўрикдан ўтмаган газ баллонларидан фойдаланишга йўл қўймаслик;

 Болалар, имконияти чекланган ва маст ҳолдаги кишиларни назоратсиз қолдирмаслик, уларнинг газ ва электр мосламаларидан, очиқ оловдан фойдаланишларига йўл қўймаслик;

 Табиий газдан фойдаланишда турли хилдаги резина шланглар, газ сўрғичлардан фойдаланмаслик;

 Чет давлатларда ишлаб чиқарилган иситиш мосламаларидан фақат йўриқнома билан яхшилаб танишиб чиққандан кейингина, шу йўриқномага риоя қилган ҳолда фойдаланиш;

 Уйни иситишда очиқ газ плитасидан, сандалда чала ёнган кўмир ва ўтин чўғларидан фойдаланмаслик;

 Автомобилларга ўрнатилган ёки улардан яроқсиз деб ечиб олинган, техник кўрикдан ўтмаган метан газ баллонларидан фойдаланмаслик;

Маиший пропан газ баллонларини автомобилларга газ қуйиш шахобчаларида тўлдирмаслик.

Агар хонага табиий газнинг тўлиб қолганини сезиб қолсангиз, зудлик билан қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

  • дарров эшик ва дераза ромларини очиб хонани шамоллатинг, газ плиталари ва иситиш печларини газ тармоғидан ўчиринг;
  • хонада электр жиҳозларини ёқманг, ёниқ бўлса ўчирманг, хонада учқун чиқарувчи жиҳозлардан зинҳор фойдаланманг;
  • оила аъзоларингиз уй ичида бўлса, уларни зудлик билан ташқарига олиб чиқинг, ташқарида бўлса ичкарига киришларига йўл қўйманг;
  • газ чиқаётган жойни аниқлашда очиқ оловдан эмас, совунли кўпикдан фойдаланинг. Агар газ чиқаётган жойни ўзингиз аниқлай олмасангиз ёки бартараф қила олмасангиз, 104 телефон рақами орқали туман газ таъминоти хизмати  авария-таъмирлаш   гуруҳига қўнғироқ қилинг.

Ис газидан заҳарланган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатиш учун аввало, заҳарланган кишини зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш зарур. Қийин нафас олаётган ёки нафас олиш тўхтаб қолган бўлса, бемор мустақил нафас олгунга қадар сунъий нафас олдиринг. Баданни ишқалаш, оёқларга грелка қўйиш заҳарланиш оқибатларини тезроқ тугатишга имкон беради. Агар бемор ҳушида бўлса, тананинг юқори қисмини қисиб турувчи кийимлардан бўшатилиб, иссиқ чой ёки қаҳва ичирилади. Табиий ва ис газидан заҳарланган албатта шифохонага ётқизилиши керак, чунки бирмунча кейинроқ ўпка ва асаб тизими томонидан оғир асоратлар вужудга келиши мумкин. Касалхонадан чиққандан сўнг беморлар терапевт ва невропатолог кузатувида бўлиши шарт.

Азиз фуқаролар! Юқоридаги қоидаларга риоя қилиш орқали ўзингиз ва яқинларингиз ҳаёти ва мол-мулкингизни фавқулодда вазиятлардан асраб қолган бўласиз.

С.УМАРОВ,

туман ФВБ бошлиғи, подполковник.

С.МАШРАПОВ,

туман ФВБ бўлинма бошлиғи, сержант.