Биз умумтаълим муассасаларида фаолият олиб бораётган барча устоз-муаллимлар, мураббийлар ҳам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини катта қизиқиш билан кузатдик, шу билан бирга ўрганиб чиқмоқдамиз.
Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномадаги “Биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз. Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Илм-маърифат ва юксак маърифат керак. Энг яхши мерос бу яхши тарбия”, деган таъкидлари бевосита биз, таълимга дахлдор устоз-муаллимларни янада сидқидилдан ишлашга ундайди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йилнинг “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилингани ёш авлод таълимига, келажагига бўлган юксак эътибордир. Ёш авлод таълим ва тарбиясига, илм-маърифатнинг юксалишига бўлган бундай эътиборли раҳнамонинг одилона, оқилона сиёсатлари ўз самарасини кўрсатмоқда. Президентимизнинг таъбири билан айтганда, “Мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу-мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир”.
Мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий талаблар асосида такомиллаштириш, ўқув юклама ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва адабиётлар сифатини ошириш борасидаги таклифлари ҳам кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Бунга кўра, “ 2021 йилги халқаро баҳолаш жараёнига тайёргарлик кўриш учун 348 таянч мактаби белгиланиб, 6 мингдан ортиқ ўқитувчининг малакаси оширилади.
Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказамиз.
Бу борада шуни унутмаслик керакки, олий таълим қамровини ошириш, тўлов контрактига боғлиқ бўлиб қолмаслиги зарур.
Жорий йилдан педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланди. Президентимизнинг 2020 йилда бюджетдан ажратилган 1.7 триллион сўм маблағ ҳисобидан 36 та янги мактаб қурилиб, 216 таси капитал таъмирланиши, шунингдек, 55та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141тага етказиш тўғрисидаги ташаббуслари биз халқ таълими тизими ходимларини янада руҳлантирди. Бундан ташқари жорий йилда 340 та касб–ҳунар мактаби, 147 та коллеж, 143 та техникум ташкил этилиши тўғрисидаги фикрлари бугунги кун халқимиз кутаётган ислоҳотлардан эканлигини барчамиз тушуниб етмоқдамиз.
Фозилжон ЮЛДАШЕВ,
туман халқ таълими бўлими мудири.