- Жамият   1 474

КОРОНАВИРУСДАН ТУЗАЛГАН ЮРТДОШИМИЗ БИЛАН СУҲБАТ: «АВВАЛИГА ОҒЗИМ ҚУРИБ, ТАЪМ СЕЗМАЙ ҚОЛДИМ, ИШТАҲАМ ЙЎҚОЛДИ!»

Дунёда коронавирусга чалинганлар сони ортиб бораётганига қарамай, ундан тузалаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда. Айнан шу инфекцияни енгишга эришган инсонлар ҳикояси эса ваҳима, хавотир кучайган бир пайтда одамларга яхшигина далда бўлади. Бугун биз, аввало, кучли тан ва руҳияти, мустаҳкам иродаси, энг муҳими, шифокорларнинг вақтида кўрсатган ёрдамлари туфайли «тожли вирус»ни енгишга муваффақ бўлган юртдошимиз билан суҳбатлашдик.

– Ассалому алайкум, аввало, ҳаммаси ортда қолгани рост бўлсин. Агар қарши бўлмасангиз, сиз кечирган кунларни яна бир бор эсласак… 

– Мен коронавирус инфекцияси биринчилардан бўлиб аниқланган аёл билан бирга ишлайман. Ҳамкасбимиз 12 март куни ишга чиққанди. Вирус ҳеч биримизнинг хаёлимизга ҳам келмаганди (чунки коронавирус ҳали Ўзбекистонда қайд этилмаганди). 15 март куни эса ишхонамиз карантинга ёпилди. Ўша куни таҳлил топширганимда менда коронавирус аниқланмади. Лекин танамда қандайдир ўзгаришлар бошланаётгани сезилаётганди. Аввалига оғзим қуриб, таъм сезмай қолдим, иштаҳам йўқолди, ҳароратим кўтарилди (37,2-37,3 даражагача), кейин унга йўтал ва қўл-оёқ қалтираши қўшилди. Мутахассислар яна бир бор таҳлил олишгач, 18 март куни коронавирус тасдиқланди. Шу куниёқ мени Вирусология илмий-текшириш институтига олиб келишди. Шифокорлар зудлик билан томчи дорилар юбориб, тегишлича муолажалар қилишди.

– Сиз билан бирга даволанган беморларнинг ҳаммасида бир хил аломатлар кузатилдими?

– Йўқ, ҳамманинг организми ҳар хил бўлгани учун касаллик белгилари ҳам кимлардадир оғирроқ, кимлардадир енгилроқ кечди. Айнан менда нисбатан енгилроқ ўтди деб ўйлайман. Чунки у ерда тана ҳароратим яна бир марта кўтарилди холос (37,4 даража). Ҳаво етишмаслиги аломати ҳам кузатилмади, яъни кислородга эҳтиёж сезмадим. Фақат оёқ-қўл, бўғимларимда бир-бир оғриқлар бўлиб турди. Аммо ёнимдагиларнинг баъзилари иситмаси тушмай қийналишди. Кучли антибиотиклар олгандан кейин тушди. Айримларида эса умуман иситма чиқмади. Хуллас, бир хилларида оғир, бир хилларида енгил ўтяпти.

– Илгари ҳам вирусли касалликларга, масалан, гриппга чалинганмисиз?

– Ҳа, грипп бўлганман. Аммо мен гриппни ҳам енгилроқ ўтқизардим. 1-2 кун иситмам чиқарди, кейин тез тузалиб кетардим.

– Демак, организмингиз кучли, яъни иммунитетингиз мустаҳкам. Шунинг учун ҳам касалликни осон енггансиз. Айтганча, оила аъзоларингиз ҳам карантиндадир?

– Ҳа, ўшандаёқ карантинга олинган. Худога шукр, уларда коронавирус аниқланмади. Шунисига хурсандман.

– Сиз коронавирусдан тузалган илк юртдошларимиздан бирисиз, табриклаймиз. Айни пайтда қаердасиз?

– 1 апрель куни мени реабилитация марказига олиб келишди. Бу ерда кузатувдамиз. Ҳар куни тана ҳароратимизни текширишяпти, соғломлаштириш тадбирларини ўтказишяпти.

Шу фурсатдан фойдаланиб, биз учун дуода бўлган халқимизга, барча шароитларни яратиб берган ҳукуматимизга, туну кун бошимиздан кетмаган, ўз яқинидек жон куйдирган шифокорларимизга ҳамма-ҳаммасига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

– Биз ҳам суҳбатингиз учун раҳмат айтиб, тезроқ оилангиз бағрига қайтиш насиб этишини тилаб қоламиз!

Шоҳида ИСРОИЛОВА суҳбатлашди.

xabar.uz сайтидан олинди.