- Жамият   560

МАМЛАКАТИМИЗДА ПАРЛАМЕНТАРИЗМНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

Парламентаризм ғояси биринчи минг йилликда Рим, Aнглия ва Испанияда халқ мажлислари шаклида юзага келган бўлиб, шундан сўнг давлат анжумани даражасига кўтарилгунга қадар яна бир неча тараққиёт босқичларидан ўтди.

Парламент замонлар ўзгариши билан унинг роли ҳам изчил ўзгариб, унинг моҳияти янги ғоялар, тамойиллар билан, шаклланиш ва фаолият кўрсатиш тажрибаси билан бойиб борди.

Парламент давлат институти сифатида узоқ тарихни босиб ўтди. Парламентаризм тараққиётининг бош тенденцияси шундаки, парламентлар ижтимоий турмушда марказий ўрин тутади. Табиийки, ҳар бир давлат парламентнинг тузилиши ва фаолият кўрсатиш масалаларини ўзича ҳал этади. Лекин бу кенг амалиётда ҳисобга олинадиган муштарак белгилар бўлиши мумкин эмас, деган маънони англатмайди. Шу муносабат билан парламент институтлари қарор топиши ва ривожланиш тажрибаси ўрганилишини таъминлаш, тарихдаги уларнинг аҳамиятини, ўрнини англаш, улар табиатининг ҳозирги пайтдаги тадрижий тараққиёти ва моҳиятини тушуниб етиш, келгусида уни ривожлантириш истиқболларини белгилаб олиш жуда муҳимдир.

Қонунчилик ҳокимияти давлат ҳокимиятининг муҳим таркибий қисми бўлиб, уни такомиллаштириш давлат ҳокимияти бутун тизимининг тарихий эволюцияси билан боғлиқ.

Ўзбекистон 1991 йил 1 сентабрда давлат мустақиллигига эришгач, давлат ҳокимиятининг энг муҳим институтларидан бири сифатида миллий парламентни ривожлантиришнинг сифат жиҳатидан янги босқичи бошланди. Миллий парламентаризмнинг энг янги тарихи умум эътироф этилган учта асосий даврга бўлинади.

Ўтиш даври парламенти, Олий Кенгаш ўрнига Ўзбекистон Республикасининг бир палатали парламенти — Олий Мажлис шаклланиши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилишда қонунчилик фаолияти дастурини қабул қилди.

Икки палатали парламент ташкил этилгач, Ўзбекистон Республикасида қонун чиқарувчи ҳокимият ўз тараққиётида янги поғонага кўтарилди. Энг асосийси, гарчи қонунчилик жараёни анча мураккаблашган бўлса-да, қабул қилинган қонунларнинг сифати сезиларли даражада ошди. Қонунларни қабул қилишда сиёсий партияларнинг роли кучайди. Қонун лойиҳаларини партияларнинг фраксияларида олдиндан кўриб чиқиш, Қонунчилик палатаси ялпи мажлисларида ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда уларнинг фикрларини, албатта эшитиш амалиёти шаклланди.

Раҳматилло ШОДМОНОВ