Янгиланаётган Ўзбекистон тобора ривожланиб, равнақ топиб бормоқда. Бунинг замирида мамлакат раҳбари олиб бораётган барча мамлакатлар билан дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларининг гуркираб бораётганлигидир. Шу боис одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар юз бериб, янги имкониятлар эшиги очилмоқда. Кечагина ишсизликдан қийналиб юрганлар бугун яхшигина тадбиркорга айланяпти.
Марказий Фарғона маҳалласи Дўстлик кўчасида яшовчи Ҳамзали Турдиохуновнинг бундан икки йил нарида уйида туяқуш боқиш тушига ҳам кирмаганди.
– Яқинда Риштонга борганимда бир тадбиркор билан гаплашиб қолдим, – дейди тадбиркор. – Туяқуш боқаркан. Бу жониворнинг фойдали томонларини анча мақтади. Уйга келгач, ҳаракатга тушдим. Банкларга мурожаат қилдим. Ишим битиши қийиинга ўхшади. Ҳокимимизнинг барчага ёрдами тегаётганини эшитиб, қабулига кирдик. Дилшоджонга минг раҳмат, банкдан 30 миллион сўм пул Жалолқудуқдаги тадбиркорнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши билан бориб 3 дона туяқушни уйимизга олиб келдик.
– Бизда хонадонларда одатда новвос боқишади, ҳали одамлар туяқуш ҳақида тасаввурга эга эмас. Сизнингча қай бирини боқиш осон.
– Кимга қанақа. Лекин туяқуш боқиш новвос боқишдан ҳам осон, ҳам афзал. Сабаби, туяқуш овқатни бир неча баробар кам ейди. Уни емлаб боқмайсиз. Икки яшарда тухумга киради. Бугунда бир дона тухумининг нархи уруғланмагани 120 минг сўм, очириш учун олинадиган тухумининг нархи 600 минг сўм туради. Бир дона тухум 1800 граммдан 2200 граммгача келади. Бир ҳафталик жўжасининг нархи 1500 минг сўмдан бошлаб юқорилаб кетаверади. Гўшти пархез ҳисобланади, мазаси мол гўштидан ширин. Кўринишида фарқи деярли сезилмайди. Терисидан қимматбаҳо сумка, камар тайёрланади. Андижонлик ҳамкорларнинг айтишича, қанотидаги узун патлари ярим метр келади. Хорижликлар бир дона патни зийнат учун 6 доллардан олишган экан.
– Гапларингиздан кўриниб турибдики, туяқушчиликни ривожлантирасиз.
– Албатта. Ҳокимимиздан ер сўраганман, берамиз, дейишган. Ерга озуқа экиб, қишга ғамлаб олсак, туяқушлар сонини юзтадан оширмоқчиман. Келгусида туяқуш гўшти экспортини ҳам йўлга қўймоқчиман.
Туяқуш кўринишидан беозор жониворга ўхшаса ҳам аслида анча жанговар бўлар экан. Бўйи 2 метр 25 сантиметрдан юқори бўлган бу жониворлар уясига кириб суратга олишимизга йўл беришмади. Шундоқ бўлса-да, амалладик.
И. НУРАЛИЕВ.