- Жамият, Қарор ва ижро   311

МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШДА КЕЛИШУВ БИТИМИ ТУЗИШ БЕЛГИЛАНДИ

Хабарингиз бор, “Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрель кунги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-833-сонли Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Кодексга янги 151-боб киритилиб, бешта модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, келишув битими тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкинлиги, тарафларнинг келишуви ихтиёрийлик, ҳамкорлик ва тенг ҳуқуқлилик принциплари асосида амалга оширилиши, тарафларнинг келишувига фақат жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) мавжуд бўлганда йўл қўйилиши белгиланди.

Тарафларнинг келишуви фақат уларнинг низоли оммавий ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига тааллуқли бўлиши ҳамда тарафларнинг ўзаро ён беришига йўл қўйилган тақдирда амалга оширилиши мумкинлиги, келишув битими суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган деб ҳисобланиши белгиланди.

Шунингдек, ушбу Кодекс 27-моддаси биринчи қисмининг 1, 3, 4 ва 5-бандларида назарда тутилган ишлар бўйича, шунингдек учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган шартларни назарда тутадиган ишлар бўйича келишув битимининг тузилишига йўл қўйилмайди.

Келишув битими ёзма шаклда тузилади ва уни тузган шахслар томонидан имзоланади.

Келишув битими албатта ижро этилишга оид талабларга жавоб бериши ҳамда унда мажбуриятларни бажаришнинг тарафлар томонидан келишилган шартлари, тартиби ва муддатлари ҳақидаги қоидалар, шунингдек суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши керак.

Тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас.

Келишув битими суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масалага нисбатан ҳам тузилиши мумкин.

Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, ушбу Кодексда белгиланган умумий тартибда ҳал этади.

Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта нусха ортиқ бўлган нусхаларда тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан бири иш материалларига қўшиб қўйилади.

Келишув битимини тузган, суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган шахслар суд мажлисига келмаган тақдирда, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала суд томонидан кўриб чиқилмайди.

Суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда иш юритиш тўлиқ ёки қисман тугатилганлиги кўрсатилади.

Келишув битими суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган тақдирда, битим ишни кўрган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Ижро босқичида тузилган келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала битим судга тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қоидалар бўйича кўриб чиқилади.

Суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги суд ажримида келишув битимининг шартлари ва келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги хулоса, шунингдек суд ҳужжатининг ижро этилмаслиги ҳақидаги шартлар кўрсатилиши керак.

Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги суд ҳужжатлари устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.

Келишув битимини тузган шахслар уни ушбу битимда назарда тутилган тартибда ва муддатларда ихтиёрий равишда бажаради.

Суд томонидан тасдиқланган келишув битими ушбу битимда назарда тутилган муддатларда ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда, битим ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга кўра бажарилиши лозим.

М.СОТИБОЛДИЕВ,

М.УСМОНОВ,

Фарғона туманлараро маъмурий суди ходимлари.