- Жамият, Ислоҳот, Маънавият, Қарор ва ижро   1 660

МАЪНАВИЙ ЭВРИЛИШЛАР ДАВРИ

Мамлакатимиз ҳаётида барча соҳаларларда чин маънодаги ижобий ўзгаришлар даври бошланди. Одамларнинг  онгида эртанги кунга ишонч пайдо бўла бошлади. Чиқарилаётган фармон ва қарорларга дадил муносабатлар билдирилмоқда. Буларнинг барчаси Президентимизнинг юртдошларимизнинг қалбига йўл топа олаётгани туфайли десак, муболаға бўлмайди. Президент томонидан олға сурилган бешта ташаббус ҳам аслида одамлар билан мулоқотларнинг маҳсулидир.

Мамлакатимиз раҳбарининг тўртинчи ташаббуси бошқалари каби юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёйди. Бирорта маънавий-маърифий маскан йўқки, у ерда китоб ва китобхонликка муносабат билдирилмаган бўлсин. Бунда айниқса, ота-оналарнинг фаол иштироки  қувончли, албатта.

Президентнинг бешта муҳим ташаббусига жойлардаги муносабатни ўрганиш жараёнида 13-мактабда ўтаётган каттагина тадбир устидан чиқдик.

— Бугун мактабимизда китоб байрами ўтяпти, десак янгишмаймиз,—дейди мактаб директори Ҳафизахон  Ибрагимова. —Китоб ярмаркасини иккинчи бор ўтказишимиз. Ота-оналар ярмаркада жуда фаол иштирок этиб, фарзандларига китоблар совға қилишяпти.  Бундан ташқари «Мактабимга китоб совға қиламан» акцияси бўйича кутубхонамиз китоб фонди тобора ортиб боряпти. Мана бугун ҳам  собиқ ўқувчилар Абдуҳафиз ва Абдулҳамид Қосимовлар кутубхонага 10 донадан китоб совға қилишди.

—Шу мактабда неварам ўқийди, —дейди бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси юрист консульти Ҳайитали Суяров. — Мен ҳам Президентимизнинг ташаббусидан руҳланиб, мактаб кутубхонасига 65 дона эртак ва бадиий китоблар олиб келдим. Ёшлигимизда  кўп китоб ўқирдик. Мактабдами, даладами, қўй боққани борамизми, қўлимизда китоб бўларди. Китобнинг шарофати билан олий даргоҳларда ўқиб, шу даражага етдик. Давлатимиз раҳбарининг одамларни китобга қайтаргани болаларимиз аждодларимизга муносиб авлод бўлиши учун хизмат қилади, деб ишонаман.

Ҳозирда мактаб кутубхонаси алоҳида жойга кўчирилиб, эндиликда бу ердаги адабиётлардан аҳоли ҳам фойдаланиши мумкин. Бадиий адабиётлар фонди эса янада бойиб бормоқда.

 

Исҳоқжон КАРИМОВ.