Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 15 октябрдаги «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги ва «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунлари асосида мазкур тузилмага ўтказиладиган сайловларда ҳам бир қатор ўзгаришлар бўлди.
Вилоят телерадиокомпанияси биносида ана шу масалага бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ҳокимлик газеталари бош муҳаррирлари, республика нашрлари ҳамда телевидениенинг вилоятдаги мухбирлари, журналистлар, «Маҳалла» жамоат фонди ва адлия бошқармаси мутасаддилари иштирок этдилар.
Ўқув семинарини вилоят телерадиокомпанияси директори ўринбосари З.Султонов олиб борди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Б.Обиджонов қонунга киритилган асосий ўзгаришлар: маҳалла раисларининг 3 йил муддатга сайланиши, сайлов ёпиқ овоз бериш билан ўтказилиши, вакилларнинг минимал нормаси сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 12 фоиздан кам бўлмаслиги ва бошқалар ҳақида гапириб ўтди.
«Маҳалла» жамоат фонди вилоят бўлими раиси Ш.Эрматов, вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ғ.Турсуналиев, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи У.Жабборов, «Фарғона хақиқати», «Фарғона тонги», «Марғилон хақиқати», «Бешариқ тонги» газеталари бош муҳарирлари А.Тешабоев, Р.Орипов, Н.Собиров, С.Темиров кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Семинар савол-жавоб тарзида, жонли ўтди. Хулоса шуки, маҳалла ҳаётимиз. Шундай экан, бўлажак сайловда бунга асосий эътибор қаратиш лозим. Токи тор манфаатларга хизмат қилувчи шахслар маҳаллага бош бўлиб қолмасин.
Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ.
Абдувосит СИДДИҚОВ олган сурат.