- Жамият, Турфа олам   1 702

МЕВАЛИ ДАРАХТЛАРНИНГ КУЙИШ КАСАЛЛИГИ

Erwinia amylovora (Burrill) Com. S.A.B. бактериясидан атиргулдошлар оиласига мансуб бўлганларидан нок, олма, беҳи, дўлана, қизил, пираканта, странвезия, олча, олхўри, гилос, ўрик, шафтоли, бодом, мушмула, атиргул, спирея, ирга, рябина, малина, қулупнай, ёнғоқ, хурмо, ҳаммаси бўлиб 28 туркумга кирувчи 167 тача тур зарарланади. Шумтол, заранг, қайрағоч, сирень, тол; ўтсимон ўсимликлардан картошка, саллагул, салат ва сигирнўхат зарарланиши ҳақида хабарлар мавжуд.

Касаллик тез тарқала олиши ва зарарланган дарахтларнинг пўсти, кейинчалик бутун дарахт ҳалок бўлиши туфайли, анча катта зарар етказади. Экинларнинг 20-100 фоизини зарарлаши, уларнинг 10-90 фоизини бутунлай ҳалок қилиши мумкин. Мисол учун 1966 йили Польшадаги боғлардаги нок дарахтларининг 50 фоизини ҳалок қилган. Мевали дарахтлар 1-2 йил ичида қуриб қолади. Олма ва нокнинг деярли барча навлари ҳамда дўлана, қизил, пираканта ва странвезия касалликка ўта мойилдир.

Бу бактериоз одатда эрта баҳорда – дарахтлар гуллаган пайтда намоён бўлади. Намлик юқори ва ҳарорат 18 даражадан баландроқ бўлиши, касаллик учун қулай шароит яратади. Экинларнинг гул, новда, поя, барглари ва ёш мевалари зарарланади – улар бирдан қораяди ва сўлиб қолади.

Зарарланган дарахтлар оловга куйгандай тус олади. Шох ва новдаларнинг пўстлари бурушиқ шишчалар билан қопланади ва баъзан чатнайди, улардан сутдай оқ экссудат чиқади, шох ва пояларга оқади; бу суюқлик ҳавода қотади ва қаҳрабодай сариқ ёки тўқ-қўнғир тус олади. Зарарланган жойлар ёз иссиғида қурийди, бироз ботиқ шакл олади ва чатнаб кетади.

Касаллик олдин новдаларнинг уч қисмида бошланади, сўнгра пастга қараб тарқалади, каттароқ шохларга ва пояга ўтади, оқибатда бутун дарахт зарарланади ва қуриб қолади. Бактерия ўсимлик тўқималарига гулларнинг ширадон (нектарник) лари, камроқ ҳолларда барг тешиклари ҳамда ҳархил ҳашаротлар пайдо қилган ва механик яралар орқали киради. Етилган мевалар, ҳатто сунъий зарарлаганда ҳам, касалланмайди.

Об-ҳаво ва иқлим билан боғлиқ ҳолда касалликнинг кучли ривожланиши баҳорда, ёзда ёки куз бошида кузатилиши мумкин.

Баҳорда бактерия зарарланган органларда жуда кўплаб пайдо бўлади – новда ва шохлардан чиқадиган оқ суюқлик бактерия массаларидан ташкил топган бўлади. Бактериялар ўтказувчи тўқималар ичидаги суюқлик орқали новда ва шохларнинг тепасидан пастки қисмларига тарқалади; бошқа ўсимликларга экссудатдаги бактериялар ёмғир ва шамол билан тарқалади. Улар ҳархил ҳашаротлар – асалари, қовоғари, пашша, сўрувчи ҳашаротлар (ширалар) ва қушлар воситасида ҳам осон тарқалади ва бошқа ўсимликларни ёки ўша ўсимликнинг бошқа органларини зарарлайди.

Узоқ масофаларга бактерия экиладиган ва пайванд қилиш учун мўлжалланган барча материаллар ва тара билан тарқалади.

Бактериоз тарқалган мамлакатлардан экиш ва пайванд қилиш учун мўлжалланган материалларни Ўзбекистонга киритиш ман этилади;

Селекция ва илмий-тадқиқот мақсадида олиб келинган материалларнинг зарарланганлигини аниқлаш мақсадида уларни лабораторияда экспертиза қилиш ва 1 йил давомида интродукцион-карантин кўчатзорида экиб текшириш; зарарланган дарахлар аниқланган ҳолда, уларни дарҳол қазиб олиш ва ёқиб юбориш зарур.

А.АБДАЗИЗОВ,

О.МАМАЖОНОВ,

О.РУСТАМОВ,

С.РАҲМОНОВ,

Ў.ҲАЙИТОВ,

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспекторлари.