- Жамият, Ислоҳот, Қарор ва ижро   1 103

МЕНИНГ МАҲАЛЛАМ — МЕНИНГ ТАҚДИРИМ

667 хонадон, 3970 нафар аҳолига эга Порлоқ маҳалласи Қоратепа қишлоғининг шундоқ марказидан чиқаверишдан бошланади. Кўзга кўринарли объектлари — Қоратепа пахта тайёрлаш пункти, 28-ва 30-мактаблар, бир қанча савдо ва маиший хизмат дўконлари. МФЙ ходимлари 28-мактаб биносида ижарада ўтиришади.

—Маҳалламиз 2021 йил “Обод маҳалла” дастурига тушган, — дейди маҳалла раиси Тўланбой Уликов. — Ўшанда йиғин ўз биносига эга бўлса ажабмас. Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномасида маҳаллаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши ҳақида гапириб ўтдилар. Юртимиз раҳбарининг маҳаллаларга ишонч билдириб бу тизимни янада мукаммаллаштиришга ҳаракат қилаётгани бежиз эмас.Чунки, маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалламизда уч-тўрт йилдан буён жиноят содир этилгани йўқ.

Қиш фаслида қишлоқларда ишсизлик даражаси ортади. Бу асосан ишлаб чиқариш корхоналарининг йўқлиги билан изоҳланади. Порлоқда ҳам бирорта ишлаб чиқариш корхонаси йўқ. Россияга чиқиб ишлайдиганларнинг кўпчилиги қишда уйига қайтади. Йиғиндаги маълумотларга кўра, маҳалланинг ишга яроқли 25 фоиз аҳолиси ишли, холос.

—Бизда ҳақиқатан бирорта ишлаб чиқариш корхонаси йўқ. Олдинги йили Қирғизистондан икки инвестор келиб, 200 нафар ишчи ишлайдиган ишлаб чиқариш корхонаси қурмоқчи бўлиб шароитни ўрганишди. Шароитлар ёқди, лекин электр муаммоси уларни ортга қайтишга мажбур қилди, — дейди раис.

Шу мавзудаги суҳбатимиз асносида Тўланбой Хонобод, Чўлигулистон қишлоқлари одамларига ҳавас қилиб, бир иш бошлагани ва буни маҳалладагиларга ҳам тарғиб қилаётганини айтиб қолди.

—Маҳалламизда иссиқхонаси борлар уч-тўрттани ташкил этади. Мен бир неча йилдан буён иссиқхона билан шуғулланиб, 5 сотиҳ ерда иккита иссиқхона қурганман. Уларда алмаштириб бодринг, помидор, картошка экиб келаман. Ўтган йили бодрингдан 7 миллион сўм даромад қилдим. Ҳаракат қилсам бодрингдан уч марта ҳосил олишим мумкин экан. Бугунги кунда эккан картошкам ниш уриб қолди. Яқинда иккинчисига помидор экаман. Ўз тажрибамни маҳалла аҳолиси ўртасида тарғиб қилиб келяпман. Бу қишин-ёзин оиладаги икки-уч кишини ишли бўлишини, фаровонлик манбаи эканини айтаман.

Давлатимиз томонидан фуқароларга эркин меҳнат қилиш учун жуда катта имкониятлар яратилди. Ана шу имкониятлардан фойдаланган кам бўлмаслигини туманимиздаги бир қатор маҳаллалар мисолида кўриш мумкин. Қоратепаликлар азалдан тадбиркор халқ. Маҳалла гузарининг ободлиги, савдо объектларининг кўплиги бунга далилдир. Раис айтмоқчи, одамлар онгида ўзгариш катта. Барака ҳаракатда эканини улар ўз меҳнатлари билан исботлашмоқда.

Исҳоқжон КАРИМОВ.