- Жамият, Қарор ва ижро   1 780

«МЕНИ ЙЎҚЛАР МУТАСАДДИ БОРМИ?»

Исми-шарифимни сўрасангиз Аҳмад Фарғоний номли кўчаман. Туманда ўзимга яраша обрўйим бор. Сабаби мени босиб туман марказий шифохонасига соғ ҳам, бемор ҳам ўтади. Ёшим шу туман ёши билан баробар, десам ҳам бўлаверади. Аслида аҳволимдан шикоят қилганим бефойдалигини тушунаман. Аммо айтсам дардим енгиллашармикан, дейман-да. Чуқурлар кўплигидан ёмғир, қор ёғса, сунoий кўл ҳосил бўлиб, бағрим ўйилиб, аҳволимга маймунлар йиғлайди. Бунинг устига чойхоналар олдига ҳар хил одам машинасини истаган ҳолида қўйиб, ўтган-кетганларга ҳалал беришади. Эҳ, айтаверсам дардим кўпу уни тинглайдиган мард йўқ. Ўзи Ёзёвонда менга ўхшайдиганларнинг дардини тинглайдиганлар ҳам қолмади, шекилли. Чунки анави кадастр идораси олдидаги ясама бекат ҳамда Сойбўйи питак ҳақида туман, республика газетасида ёзишди, телевидениеда танқид қилишди, аммо мутасаддиларнинг бирор туки ҳам қимирлаб қўймади. Лекин ўлмаган жондан умид, дейишади-ку! Ҳа, айтганча, Ёзёвонда туғилган чақалоқларни ҳам биринчи бўлиб шу ердан олиб ўтишади.

Юрак-бағри пора йўлнинг дардини оққа кўчирувчи

Исҳоқжон КАРИМОВ.