- Турфа олам   1 590

МЕҲНАТДАН КЕЛГАН САОДАТ

– Фарзанд тарбиясида ота-онанинг  ўрни нечоғлик муҳим эканини ёшимиз улғайган сари  англаб етиб бораяпмиз. Ҳаётда  Яратганнинг марҳамати ила барча топганларим учун ҳамиша Аллоҳ раҳматига олсин падари бузрукворим Давлатжўжа  Хўжаев ва волидаи муҳтарамам Ойшахон хожи она Мулла Йўлдош Охунддан қизига беҳад миннатдорман, –дея ҳаяжонда сўз бошлади суҳбатдошим 26-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Адолатхон Хўжаева.

    Бўтқачи қишлоғининг энг обрўйли оилаларидан бирида  ўн бир нафар фарзанд, етти қиз ва тўрт ўғил дунёга келади. Даврнинг машаққати, ҳаётнинг қийинчиликлари, тиббиёт ходимларининг камлиги сабабли ўғил болалар касаликка чалиниб ҳаётдан кўз юмишади.   Болалари учун  оғир меҳнатдан бош тортмаган ота-онадан    олган  ибратли тарбия қизларнинг  ҳаёт йўлини ёритувчи маёқ бўлди.  Оилада олтинчи қиз фарзанд Адолатхонни  энг бахтли ва бадавлат сингил десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.   Опа-сингиллар бир-бирига меҳр улашиб, камолга етишади. Оиланинг тўнғич қизи  Ашурахон ўзининг меҳнатсеварлиги, оқкўнгиллиги, атрофидагиларга саховапешалиги билан ортидан  сингилларни эргаштира олди. Улар Наманган вилоятига ўзи билан бирга ўқиган курсдошига турмушга чиқади. Уч фарзандни  камолга етказдилар. Ашура опа Чортоқ туманида  кўп йиллар туман хокимининг хотин-қизлари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият олиб борди. Ҳозирда нафақада бўлсаларда туман бош отинойиси бўлиб элга хизмат қилмоқдалар.

 Иккинчи опалари  Мақсуда хожи онани  бутун ёзёвонликлар жуда яхши билишади. Улар кўп йиллардан буён “Зафар” фермер хўжалигига раҳбарлик қилади. Йиллар давомида  давлат  режасини доимо бажариб келмоқдалар. Яна бир опалари  Зумрад Хўжаева  пенсияда “Фермер” журналининг мухбири сифатида фаолият олиб бормоқдалар. Опалари Замирахон  Истиқлол МФЙ раиси, Фотимахон Тошлоқ тумани халқ таълими бўлимида хорижий тиллар бўйича услубчи бўлиб фаолият юритмоқдалар. Оиланинг  еттинчи қизи Саодатхон тиббиёт ҳамшираси.

  Адолатхон 1987 йилда мактабни олтин медал билан тамомлаб, институтга имтиёз билан ўқишга  кирди. 1991 йилда Наманган Давлат Педагогика институтининг   бошланғич таълим методикасини битириб,  ўзи ўқиган мактабда бошланғич таълим ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлади. Адолатхон ҳозирда ҳам қадрдон мактабида ёшларга маърифат зиёсини улашиб келмоқда. Фаолияти давомиди бир қанча танловларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритиб жамоадошлари орасида ҳурмат қозониб келмоқда.

 “Кўргазмали қуроллар”, “Йил ўқитувчиси”, “ XХi аср педагоги” танловларида иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди.  Республика миқёсидаги икки юздан ортиқ олим ва олималар ҳамда бошланғич таълим ўқитувчилари форумида фаол иштирок этганлиги  учун  ёзган  илмий мақолалари тўпламларда чоп этилди.  2019 йил сентябрь ойида Қўқон шаҳрида  бўлиб ўтган ҳунармандлар фестивалида иштирок этди.

  Ижодкор муаллиманинг   бир қанча шогирдлари халқаро ва республика миқёсида ўтказилаётган фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида совриндорлар қаторидан ўрин эгалламоқдалар.

 Давлатимиз томонидан камтарона меҳнатлари юксак баҳоланиб, 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси кўкрак нишони билан тақдирланди.  Оилада турмуш ўртоғи билан бирга уч ўғилни тарбиялаб камолга етказдилар. Ҳозирда  ўғиллари ҳам худди ота-оналари каби  элнинг хизматида.

    Маҳалладошлари Адолатхонни қайнотаси  Абубакир ота, қайнонаси Мастурахон аянинг дуоларини олган келин сифатида қадрлайдилар. “Ҳар ким экканини ўради”, деганларидек Адолатхон ҳам ўғлига маҳалланинг энг обрўйли хонадонининг  қизи Шоҳсанамхонни келин қилишган. Набиралари Нуршодбек оиланинг қувончи. Келинлари қизларидан зиёда.

 –Бундан ортиқ бахт борми, –дея кўзларидан қувонч порлаб, ҳаётнинг берган неъматларига шукронада яшаётган қаҳрамонимиз  Адолатхоннинг қиёфасида миллат оналарининг тимсолини кўргандек бўлдим. Тафаккури юксак, юраги тоза, вужуди шижоат билан меҳнат қилишга  чоғланган оналар бор экан ҳаёт гўзал, меҳр-муҳаббатга ошно бўлиб давом этаверади. Бу юртнинг оналари  меҳнатдан саодат  топадилар!

Ўктамхон СОЛИЕВА.