- Ёшлар, Жамият, Туман янгиликлари, Қарор ва ижро   950

МЕҲНАТ ЯРМАРКАСИ ТАШКИЛЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлисга Мурожаатида белгилаб берилган устувор вазифалардан бири аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал қилишдир. Ижтимоий муаммолардан бири ишсизлик муаммосини босқичма-босқич ҳал қилиб бориш бугуннинг долзарб вазифаларидан биридир.

Туман прокуратураси томонидан 1-касб-ҳунар мактабида ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ана шу мақсадда қўйилган навбатдаги қадамдир. Бугунги кунга туман прокурори раҳбарлигидаги секторда 3922 нафар ёшлар хатловга олинган бўлиб уларнинг 198 нафари ишсиз ҳисобланади. Бўлиб ўтган ярмаркада 50 нафар иш жойига эга бўлиш истагидаги ёшлар иштирок этдилар.

– Менинг чеварчиликдан хабарим бор,- дейди Қорасоқол МФЙдан ишли бўлишни ният қилиб келган Одинахон Аҳмедова. – Менга меҳнатимга яраша ойлик маошимни вақтида берадиган хотин-қизлар меҳнат қиладиган корхона бўлса, ишлардим.

Одинахонга ўзи орзу қилган шароитларга эга “Эделвейс “МЧЖ корхонасидан иш таклиф қилишди. Бу корхона вакиллари шу куни 3 нафар ишсиз аёл билан меҳнат шартномаси тузди.

Ака-ука Маҳаммаджон ва Озодбек Ботировлар ҳам шу куни автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи “Жигули” хусусий фирмаси билан меҳнат шартномаси тузиб, уйларига хурсанд қайтдилар.

Меҳнат ярмаркасида шунингдек, Тиббиёт бирлашмаси, Халқ таълими бўлими, “Ёзёвон текстил” МЧЖ каби ўнга яқин ташкилот ва корхоналар бўш иш ўринлари билан иштирок этдилар.     

И.КАРИМОВ,

М.ОЛИМОВ олган суратлар.

ЁЗЁВОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ