- Жамият, Турфа олам, Қарор ва ижро   1 375

26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни “МИНГ ДАРДГА ДАВО ГИЁҲ” КУЛФАТ КЕЛТИРДИ ёҳуд қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди

Мамлакатимизда қадимдан халқ табобати яхши ривожланган. Шунга яраша юртимизда халқ табобатида қўлланиладиган жуда кўплаб табиат инъомлари, шифобахш ўсимликлар мавжуд. Бироқ ҳар қандай ўсимликлар ҳам дардга даво бўлвермас, хаттоки бошга бало келтириши ҳам мумкин экан. Бунга эса ҳар бир фуқаронинг ўзи, қонунларни яхши билмаслиги, билсада амал қилмаслиги сабабдир.

Ана шундай ҳолатлардан бири Ёзёвон туманида содир этилди. Бутун мамлакат миқёсида олиб бориладиган гиёҳванлик воситаларини етиштириш, сақлаш, ўтказиш билан боғлиқ ҳолатларга қарши тадбирлар давомида тезкор ходимлар томонидан фуқаро Р.Х.нинг уйи холислар иштирокида кўздан кечирилганда унинг томорқасида 6 квадрат метр ер майдонида тақиқланган 30 туп кўкнори ўсимлигини униб чиққанлиги, уларга агротехник ишлов берилиб, парваришлаб келинаётганлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, иш суд муҳокамасига юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди томонидан жиноят иши мазмунан кўриб чиқилганида судланувчи гиёҳвандлик воситасини шифобахшлиги учун парваришлаб келганини таъкидлаган бўлсада, унга нисбатан суд томонидан аниқ жазо тайинланди. Чунки бир инсон томонидан касалликларга даво сифатида етиштирилган гиёҳвандлик воситаси юзлаб, бакли минглаб инсонларни соғлом ҳаёт тарзидан чиқариши, уларни умрига зомин бўлиши, оилаларни бузиши ёшлар тарбиясига жиддий хавф туғдириши мумкин. Суд якуний хулосага келишда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиб, судланувчининг шахсини инобатга олиб, озодликни чеклаш жазосини тайинлашни лозим топди.

Б.ХАЙДАРОВ,

жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг раиси.

Т.МИРЗАЕВ,

жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судьяси.