Ўтган йили сентябрь ойи бошида Ёзёвонлик ижодкор дўстлар – Умаржон Исмоилов, Азимжон Худойқулов ва ижодкор бўлмаса-да, ижод аҳлидай дилкаш Усмоналихон тақсир уловида Шаҳрисабзда ўтаётган Халқаро мақом фестивалига бориб, шаҳарнинг кўркам гўшасида расмга тушдик ва ўғлим Шерзодни телефонига ҳам жўнатдик. (Ҳозир телефонда расмга тушиб, ўша заҳоти қадрдонларга жўнатиш одатий ҳол).
Шерзод ҳам зум ўтмай СМС юборибди: “Дада, илоҳим муборак Ҳаж сафарига ҳам бирга боринглар”. Азимжон СМС ни ўқиб берганида юрагимни аллақаери жаз этди, кўзим намланди. Уччаламизнинг ҳам Ҳажга боришимиз ҳаёлда йўқ эди, кўнгилда орзу бўлса ҳам.
Ҳажга бориш осон гапми?! Ахир бутун Мовороуннаҳрнинг Бош вазири бўлган мутафаккир шоир Алишер Навоийдек зотга Ҳажга бориш армон бўлган бир эзгу тилак-ку!
Алишер Навоий замонида мўмин-мусулмонлик истилоҳлари анча мукаммал эди, Ҳаж фарзини адо этиш қатъий қўйилганди. Ҳазрат Навоий дини исломнинг бешинчи шарти бўлган Ҳаж қонун-қоидаларини тўлиқ ва тўкис билганликларига шубҳа йўқ. Бу қутлуғ зиёратга бориш учун Алишер Навоийнинг маблағи ҳам, соғлигию хавфсизлиги таъмин этилган, яъни Мовороуннаҳрдан токи Қошқару Қобул, то Ҳиндистонгача, араб диёригача бўлган сарҳад ва ҳудудларга ҳазратнинг хавфсизлиги чораларини кўриш ҳақида Бойқаро махсус фармони олийга имзо чеккан ва подшох дўсти Навоийнинг Ҳажга боришига оқ йўл тилаганди.
Афсусларки, Навоий ҳажга бора олмади!
Биринчи гал – 1498 йил ёзида шаҳзода Бадиуззамон отаси Ҳусайн Бойқарога қарши исён кўтарди. Ҳаж тадоригини кўраётган Навоий юртда осойишталикни сақлаш, халқ бошига офатлар ёғилажагини олдини олиш учун шаҳзода Бадиуззамон ёнига элчи бўлиб борди. Минг елиб-югуриб ота-болани сулҳга кўндириб, кўнгли тинчиганида Ҳаж мавсуми ўтиб кетганди.
Кейинги йили подшоҳ буюк шоир Алишер Навоийга Ҳажга боришга яна ижозат берди, яна махсус фармон чиқарди. Мутафаккир армон бўлиб қолаётган сафари бу йил амалга ошишига ишониб, муборак зиёратга тайёргарлик кўра бошлади.
Бу гал ҳам Ҳусайн Бойқаронинг яна бир ўғли Абдулмуҳсин отасига қарши ғалаён бошлади. Алишер Навоий яна ота-бола ўртасидаги адоватни тинчишига бел боғлади, Марв ва Сарахсга бориб, шаҳзода билан сулҳ тузиб, исён алангасига “сув сепди” ва Ҳиротга қайтганда, яна Ҳаж мавсуми поён топганди.
Учинчи мартта – 1500 йилда подшоҳ яна ўз дўсти ва Бош вазири Алишер Навоийга Ҳажга бориш учун фармон берди. Энди эса Астрободда шаҳзода Муҳаммад Ҳусайн Мирзо отаси сиёсатига қарши бош кўтарди.
Уйини тинчитмаган одамга Ҳаж жоиз эмас, деб билди Навоий. Унинг назарида бутун Хуросон ва Мовороуннаҳр ўз уйидай қадрдон эди. Навоий яна сулҳпарварлик дипломатясига йўл олди: “Аллоҳ таоло ризоси ота ризоси билан тенгдир. Тангри ғазаби ҳам ота ғазаби билан баробардир. Шундай экан, киши ота ғазабига учраса, Аллоҳ ғазабига учрагай”, дея шаҳзодани отасига қарши исёнидан қайтариб тинчликка эришади. Нотинч юртни обод этмоқ, эл кўнглини тинчлантирмоқ ибодатдан аввалроқ ва афзалроқ деди шоир.
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онга борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай…
Деб бежиз ёзмади у.
Шундай қилиб, уч бора ҳам салтанат тинчлиги, эл осойишини ўйлаб Ҳаж зиёратига бора олмади: “Подшох ва унинг фарзандлари ўртасидаги тахт талашув ва жангу жадаллар нозиктаъб Навоийни оғир изтиробларга солди, унинг умрини қисқартирди, ҳаёт шаъмини эрта сўнишига сабаб бўлди.
1501 йилга келиб ул зот элу юрт ғамида кексайиб қолдилар, қон босимлари ошиб, Ҳажга бориш умидини уздилар”.
Эл севган шоир Муҳаммад Юсуф Мустақиллик йилларидан анча бурун ёзган эди:
“Ҳажга борай десам – пулим йўқ…”
Бу гапларни узоқдан бошлашдан муддао шуки, юртимиз тинчлиги, абадий бўлсин, фаровонлиги, яшасин шонли Мустақиллик!
Бу йил Аллоҳ хоҳиши, юрт тинчлиги боисдан Шаҳрисабзда суратга тушган уч журналистга муборак сафарга бориш, Мадинаю Мунаварада Пайғамбаримиз равзаларини зиёрат қилиш, Маккаи Мукаррамада – Каъба, мўминларнинг қиблагоҳини тавоф қилиш насиб этганидан Яратган Эгамга шукронамиз беадад.
Умаржон Исмоилов рафиқаси билан Рўзаи Рамазон арафасида Умра зиёратини адо этдилар. Азимжон Худойқулов қутлуғ кунларда – Қадр кечасини Каъбада кутдилар, Ийд-Рамазон ҳайити ибодатини қиблагоҳда адо этиш бахтига мушарраф бўлди.
Зулҳижжа ойида ёзёвонлик 39 киши Ҳаж сафарига бориш насиб этди. Қорасоқоллик Муҳаммаджон Исмоиловнинг жойи жаннатда бўлсин, Мадинада вафот этиб, Бақе қабристонига қўйилди.
Бу йилги муборак Ҳажга Ўзбекистондан 7200 киши борди. Жумладан Тошкент шаҳридан 1010, Фарғонадан 950, Намангандан 950, Андижондан 960 киши… Ҳаж ибодатини бажариб қайтдилар. Илоҳим, Ҳажимиз мабрур бўлсин!
Юртимиз тинчлиги, фаровонлигидан. Бу мустақиллик шарофатидан, муҳтарам Юрбошимиз олиб бораётган одилона ва оқилона саъй-ҳаракатдандир!
Малик Бой МУҲАММАД,
2019 йил август.
Ёзёвон-Мадина-Макка-Ёзёвон
Суратда: (Ўнгдан иккинчи)
Малик Бой МУҲАММАД.