Ёзёвон туман Гулистон МФЙда истиқомат қилувчи Даминжон ва Маликахон Абдураҳимовлар фарзандлари Музаффар бугун олим бўлди. Бу ота-она ва устозларнинг ўгити-ю, дуоси натижаси.
Музаффар Абдураҳимов лицейни тамомлаб, Фарғона Давлат университети тарих факультетига ўқишга кирди. Оилада бош фарзанд бўлгани учун ўқишни сиртқига ўтказиб, туман ҳокимлигида, Давлат архивида ишлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олган йиллари устозлар назарига тушди. Магистратурани битиргач бир муддат вилоят Давлат архивида, Фарғона Давлат университетида ишлаб юрган кезлари устозлари академияга ишга таклиф қилишди.
Юртдошимиз олий даргоҳда раҳбар кадрларга дарс бериш билан бирга иқтисодиёт фанлари доктори Равшан Нуримбетов раҳбарлигида илмий иш олиб борди.
Табиатан босиқ, изланувчан Музаффар Абдураҳимов «Стратегик менежмент усулларидан фойдаланишни такомиллаштириш» мавзусидаги диссертацияни мувафаққиятли ҳимоя қилиб, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси докторанти М.Абдураҳимовга соҳаси бўйича қатор олий ўқув юртларидан таклифлар тушмоқда.
Пекин халқаро университети грант эълон қилганди, —дейди Музаффар. — Халқаро бизнес бошқаруви йўналиши бўйича қатнашиб, грантни ютиб олдим. Худо хоҳласа бир йил Хитойда ўқиб, тажрибамни ошираман. Пекиндан чипталарни юборишди. 1 октябрдан ўқиш бошланади.
Қаҳрамонимиз 34 ёшда. Суҳбатлашиб, мазза қиласан. Юртини элга танитадиган бу илм, ижод аҳли. Юртдошимиз муваффақиятидан хурсанд бўлиб, омад тиладик.
Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ.