ИСТЕЪМОЛ ГАЗЛАРИДАН ТЎҒРИ ФОЙДАЛАНИШ –
ХАВФСИЗЛИГИНГИЗ КАФОЛАТИДИР!
Биз учун қулай ва арзон бўлган газдан фойдаланишда эътибор ва ҳушёрлик талаб этилади. Содир бўлган ёнғин, газ чақнаши ва ис газидан заҳарланиш ҳолатлари бепарволик, лоқайдлик ва эътиборсизликлар сабабли келиб чиқади. Шу боисдан ҳам биз истеъмолчилардан ёнғин хавфсизлиги ва техника хавфсизлиги қоидаларига тўла амал қилишларини доимо уқтириб келамиз. Зеро, ўзбошимчалик билан газ ускунларини бошқа жойга кўчириб, резина шланглар орқали фойдаланиш, газ анжомларини қаровсиз қолдириш, маиший газ балонларини ўз вақтида техник кўрикдан ўтказмаслик каби ҳолатлар хамон учраб турибди. Айниқса, газ балонларидаги вентилларни очиб, балон ичидаги чиқинди ҳисобланган суюқлик (газолин)ни тўкиб, бошқа мақсадларда ишлатиш оқибатида ёнғин ва газ чақнаши ҳамда фуқароларни куйиш тан жароҳатларини олиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар ва салбий ҳолатларги олиб келиши мумкин.
Биз барча истеъмолчиларга ҳар доим ёнғин хавфсизлиги ва техника хавфсизлиги қоидаларига қаъиян риоя этган ҳолда газ ва газ ускуналаридан тўғри фойдаланишларини сўраб қоламиз. Сизнинг хавфсизлигингиз жамият хавфсизлиги эканлигини унутманг.
С.УМАРОВ,
туман ФВБ бошлиғи.
А.ҚЎЧҚАРОВ,
“Ҳудудгаз Фарғона” МЧЖ туман филиали бошлиғи.