Улуғ инсонлар ҳақида ёзиш, уларга таъриф бериш жуда мушкул. Шоира ҳақида ўйлар эканман, 1995 йилнинг дастлабки санасида Тошкентнинг Дўрмонда бўлиб ўтган анжуман ёдимга тушди. Давра тўрига ярашиб, шогирдлари қуршовида азизу мукаррам бўлиб ўтирган севимли шоирамизнинг бетакрор қиёфаси, нафис овози ила ўқиган нозик сатрлари кечагидай хотирамда. Унутилмас бу онларни ҳануз соғинаман. Менга бир умр ҳузур бағишлаш билан бирга куч-у илҳом ҳам беради.
Мен машҳур шоира эмасман. Шеoриятга шайдо, ошуфтадил аёлман, холос. Аммо тушларимга бот-бот кириб турадиган Увайси-ю, Нодирабегимлар сингари Зулфияхонимни хаёлимда эмас, балки, ўз кўзларим билан кўриш , бир даврада ўтириб нафас олиш бахтига муяссар бўлган аёлман.
Бугунги кунда шоира китоблари кириб бормаган хонадон, шеърларини ёд билмаган мухлис топилмаса керак. Айниқса, мамлакатимиз раҳбарининг ёш ижодкор қизларни қўллаб-қувватлаб, уларни рўёбга чиқариш йўлидаги саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ ташкилланган давлат мукофотининг номланиши, шоира Зулфияхоним номини абадиятга муҳрлади.
Аслида-ку, буюк ижодкорлар ўлмайдилар. Улар ўзларининг шеърларида, қўшиқларида, шогирдлари битаётган гўзал асарларда яшайверадилар. Шундай экан, таваллуд айёми билан баҳор байрамларини бошлаб берган муҳтарама Зулфияхонимни ёд этиб, шеърий гулдастамни тақдим этмоқчиман:
Нафис туйғулардан мунчоқлар тизган,
Гўзал шоирасиз – ўзбек аёли.
Севгини улуғлаб, қўшиқлар ёзган,
Садоқат куйчиси, вафо тимсоли…
Шоирингиз кутиб ҳар баҳор маъсум,
Кўзларингизда-ку тақдир саволи.
Юзингиздан балқир майин табассум,
Элда ардоқланган аёл мисоли.
Водийларда яёв Ҳамид Олимжон,
Зулфияхонимнинг учмиш хаёли…
Ўрик шохларида илиниб қолган,
Майдагул, оқ-пушти, шоҳи рўмоли.
Зумрадхон ХЎЖАЕВА.