- Жамият, Турфа олам   1 399

ОЛМА ВА НОКНИНГ ПАРША КАСАЛЛИГИГА ҚАРШИ КУРАШ ЧОРАЛАРИ

Олма ва нокнинг парша касаллиги (калмараз)серёғин, салқин тоғ ва тоғолди шароитларида анча кенг тарқалган. Замбуруғ барг, гул, мева ва ёш новдаларни зарарлайди. Уларда тўқ жигарранг, деярли қора рангли доғлар пайдо бўлади. Зарарланган новда ва мевалар шакли ўзгаради, ёрилади. Гул ва барглари тўкилади. Касаллик юқуми тўкилган баргларда, нокда эса новдаларда қишлайди.

Юртимиз шароитида кўкламда ёғингарчилик кўп бўлган йилларда қўтир касаллиги авж олади.

Ҳимоя тадбирларини кузда – барглар ёппасига тўкилиш даврда ёки эрта баҳорда – дарахтлар барг ёзишидан аввал ўтказиш тавсия қилинади. Бу даврларда Бордо суюқлигининг 3 фоизли (100 л сувга
3 кг мис купороси ва 3 кг сўндирилмаган оҳак) эритмаси сепилади. Унинг иложи бўлмаса темир купороси (100 л сувга 2–3 кг) ёки мис купороси (100 л сувга 1 кг) сепилади. Мавсум давомида пуркаш ишлари такрорлаб турилади.

Дастлабки ишлов бериш, куртаклар ёзила бошлаганда ўтказилади ва у пайтда бордо суюқлигининг 1 фоизли (100 л сувга 1 кг мис купороси ва + 1 кг оҳак ёки 1 градусли оҳак-олтингугурт қайнатмаси ёки вектра (100 л сувга 30 г) ёки сапроль (100 л сувга 100 г) эритмаси пуркалади. Ёғингарчилик бўлиб турса, кейинги пуркашлар олма қуртига қарши кураш билан биргаликда амалга оширилади.

А.АБДАЗИЗОВ,

Р.АБДУБАННОПОВ,

О.МАМАМАЖОНОВ,

Ў.ҲАЙИТОВ,

О.РУСТАМОВ,

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспекторлари.