- Жамият, Турфа олам   1 114

ОЛМА ШИРАСИ ЗАРАРКУНАНДАСИ ҲАМДА УНГА ҚАРШИ КУРАШ ЧОРАЛАРИ

Мевали боғларнинг ҳосилдорлигини оширишнинг асосий омилларидан бири – уларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишдир. Юртимиз боғларида уруғ мевали дарахт­лардан олма, нок ва беҳига ўсимлик битлари (ширалар) жиддий зарар етказади. Бу зараркунандалар биоэкологиясини яхши билиб, кураш тадбирларини уларнинг энг заиф даврида ўтказиш яхши самара беради. Ўсимлик битлари (ширалар) тушган олма, нок, шафтоли, ўрик, олхўри, бодом каби мевали дарахтлар барглари бужмайиб қолади, баъзан эса тўкилиб кетади. Ёш кўчатлар, жумладан, олма ниҳолларига ширалар, айниқса, катта зарар етказади: мева ширасини сўриб, сифатини пасайтиради.

Таърифи: Ҳашарот  узунлиги 0,5-0,8 мм гача, ранги турлича бўлган томчи, тухумсимон, яримшар кўринишларга эга бўлган зараркунанда. Бир турдаги ширанинг қанотли ва қанотсизлари мавжуд. Шира чумоли ва бошқа ҳашаротлар учун ўз танасидан шира ажартиб чиқарганлиги учун улар томонидан доимий равишда қўриқланади ва заруратга кўра ҳудди инсонлар сигир парвалиш қилишганидек, уларни бир жойдан иккинчи жойга олиб ўтишади, ҳимоя қилишади, боқишади.

Ривожланиши: шира эрта баҳорда кунлар исиши билан кузда дарахт танасидаги тирқишлар ва ер остига қўйган тухумлардан янги авлоди очиб чиқиши ёки айрим турларининг тирик бола туғиши орқали кўпайишни бошлайди. Ширанинг 4000 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, хатто-ки битта турга мансуб бўлганларида ҳам айримларининг қанотлари бўлса айримларида қисқа муддат ҳаёт кечиради, об-хавонинг кескин пасайиши ва кўтарилиши, кучли ёмғир ва қурғоқчилик унинг кўпайишига  тўсқинлик қилса, ҳавонинг ўртача намлиги ва мўтадил ҳаво ҳарорати кўпайиши учун идеал  шароит яратади. Бир дона шира эрта баҳордан бошлаб йил тугагунига қадар бир неча миллионгача кўпайиши мумкин.

Зарари: Эрта баҳорда тухумдан очиб чиққан шира турли хил мевали дарахтларни эрта зарарлашни бошлайди, барг ва шохлар шира таъсирида деформацияланади ҳамда мевалар юзасини зарарлаб сифатини бузади.

 Қарши кураш чоралари:

Кўпгина йирт­қич ва паразитлар – хонқизи, сирфид пашшаси, олтинкўз, яйдоқчи каби фойдали ҳашаротлар ширалар билан озиқланиб уларнинг миқдорини камайтиради. Боғларда шираларнинг миқдори кўпайиб кетганда қуйидаги кимёвий препаратлар ёрдамида кураш ўтказилади:

Профилактик чоралар: Кеч кузда барглар 60 фоиз тўкилгандан сўнг 6 % КАС билан, эрта баҳорда куртаклар бўртмасдан аввал 50  гардусли ИСО билан ишлов бериш ёки тиним даврида 3 % ли вегетация даврида 0,5 %  Борда суюқлиги билан ишлов бериш, дарахт танасини оҳакли қоришма билан оқлаш, эрта баҳорда дарахт тагини бегона ўт қолдиқларидан тозалаб чопиш, чумолиларни дарахтдан узоқлаштириш мақсадида турли эхтиёт чораларини кўриш, гуллагунга қадар ва гуллаш тугагандан сўнг  Нурелл-Д 1,2 л/га, мева мош катталигида бўлганда Каратэ зион 0,5 л/га ва нўхат катталикдаги вақтда Каратэ зион 0,5 л/га ва Матч 1,0 л/га биргаликда қўшиб сепиш, ёнғоқ катталигида Проклейм 0,35 кг/га ва Матч 1,0 л/га биргаликда яхши натижа беради. Меваларни пишиш муддатига кўра уларга оҳирги ишлов бериш муддати белгиланади. Албатта, меваларни териб олгандани сўнг ҳам дарахтни бирор инцектоакарицид билан ҳимоя қилишни унутмаслик керак.

О.МАМАЖОНОВ,

Р.АБДУМАННОНОВ,

Х.ХИРМОНОВ,

П.ҚОДИРОВ,

Фарғона вилояти Ўсимликлар  карантини давлат инспекцияси агроном инспекторлари.