- Жамият, Маънавият, Турфа олам   698

ПОЙТАХТДА ЁЗЁВОННИ ЯХШИЛИК БИЛАН ГАПИРИШАДИ

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига бир йилда икки марта ўқишга келамиз. Ўқиш давомида ўзбек журналистикасининг етук, қалами ўткир кишилари билан учрашиш насиб этади.

Университетда Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ва ўз даврининг машҳур тележурналисти Дадахон Ёқубов билан учрашдик.

Ёзёвонликлар ҳақида яхши фикрлар билдиришди. Уюшма раиси ,,Марказий Фарғона» газетаси таҳририятида бўлганини мароқ билан сўзлади. Юртдошларимизга саломларини етказишимни айтишди.

— Ёзёвонда етиштирилаётган лимонлар, у ернинг софдил инсонлари, журналистикаси ҳақида алоҳида ёритамиз, — деди Олимжон Ўсаров.

Шунингдек, «Миллий тикланиш», «Қишлоқ ҳаёти», «ХХI аср», «Ишонч» ва «Ишонч доверие» газеталарининг бош муҳаррирлари Миродил Абдураҳмонов, Чори Латипов, Норқобил Жалилов, Ҳусан Эрматов билан кўришиб, суҳбатлашиш насиб этди.

Университетда ўтказилаётган шахмат мусобақасига ташриф буюрган устоз журналист, ,, Газетасиз журналистика журналистика эмас! Газетасиз халқ халқ эмас», деган улуғвор фикрлар эгаси Хуршид Дўстмуҳаммад ва таниқли журналист, «Дунё ўзбеклари» интернет нашри муҳаррири, ҳалқаро сиёсатчи, шоир ва публицист Исмат Хушевнинг самимийлигига гувоҳ бўлдик.

Куни кеча довюрак, қалами ўткир журналист Карим Бахриев билан нафақат учрашдик, балки маърузаларидан ҳам баҳра олдик. Устозга «Марказий Фарғона» газетасининг 28-сонида «Ўғлимга мактублар» номли эссеси чоп этилган эди. Газетани топширдик.

— «Марказий Фарғона»ни мунтазам кузатиб бораман, республикада ўз ўрнига эга ва муассис билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйган газета, долзарб мавзулар ёритиб борилади, — дейди К. Бахриев.
Албатта юртдошлар, касбдошлар, ишхона ҳақидаги яхши гаплар кишига қувват, қувонч бағишлайди.

«Марказий Фарғона» мухбири Раҳматилло Шодмонов Тошкентдан хабар қилади.