- Жамият, Турфа олам   1 388

ПОМИДОР КУЯСИ ҲАМДА УНГА ҚАРШИ КУРАШ ЧОРАЛАРИ

Помидор куяси асосан помидор, картошка, бақлажон, ёввойи помидор ва тамаки экинларини зарарлайди. Бу ҳашаротнинг капалаги асосан, кечқурун ҳаракатланади. Капалагининг узунлиги 8-10 мм бўлиб, қанотлари кулранг ялтироқ, олд томонида қора доғлар жойлашган. Урғочи капалак ўсимлик баргининг остки, устки ва ўсув нуқталарига 260 тагача туҳум қўяди. Туҳуми оч сариқ бўлиб, 0,36-0,22 мм келди. Туҳумдан чиққан қуртлар, оқиш кулранг, бош қисми қорамтир бўлади. Қуртлари 4 ёшни ўтаб ғумбакка айланади. Биринчи ёш қурт 1,0 мм, 4-ёш қурт эса 7-8 мм катталикда бўлади. Ҳаво ҳароаратига қараб қуртлар, 13-15 кунда тупроқ ва ғовак орасига ғумбакка кетади. Бир йилда 6-12 мартагача авлод бериб, кўпаяди. Помидор куяси баргнинг (бир текисда) паренхима тўқималари билан озиқланиб, унинг орқа ва олд томонидаги эпидермис қатламинигина қолдиради. Айрим пайтларда баргни тўлиқ зарарламасдан бошқа баргларга ҳам кириб олиши туфайли уларнинг чиқарган аҳлати ва турли хил касаллик туғдирувчи микроорганизмлар ҳисобига ўсимлик меваси чирий бошлайди.

Помидор куясига қарши кураш чоралари: ўсимликнинг зарарли организмларига чидамлилигини ошириш учун минерал озуқа бериш, ўз вақтида суғориш, ўғитлаш, зарарланган ўсимликларни иссиқхонадан чиқариб, кўмиб ёки ёқиб юбориш, бегона ўтлардан (итузумдошлар оиласига мансуб) тозалаш ва иссиқхонани дезинфекция қилиш ишларини амалга ошириш керак. Шунингдек, феромон тутқичлардан фойдаланиш (1 га-20 дона), заракунандага қарши капито, фуфанон, фокуми, изиом, вертимек каби инсектитцидлар билан кимёвий кураш чораларини ўтказиш ҳамда вегетация даври тугагандан сўнг тавсия этилган инсектицидлар билан ишлов бериб, йиғиб олинган ўсимлик қолдиқларини ёқиб юбориш керак.

Б.ИКРОМОВ,

В.ДЕҲҚОНОВ,

С.ПАРПИЕВ,

Б.АБДУРАҲИМОВ,

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспекторлари.