- Жамият, Ислоҳот, Маънавият, Қарор ва ижро   1 737

РАҲБАР ҚАЧОН ГАЗЕТА ЎҚИЙДИ?

Шанба куни ишлаб ўтирганимда, таҳририятга қўнғироқ бўлди:

— Мен …дан телефон қиляпман. Ким билан гаплашяпман?

Аслида, муомала эстетикаси бўйича, киши аввал ўз исм-шарифини айтиб таништириб, кейин суҳбатдошидан буни сўраши кераклигини тушунмаганларнинг бу каби саволига тез-тез дуч келсам-да, босиқлик билан жавоб бердим ва нима хизмат билан қўнғироқ қилишаётганини сўрадим.

— Ой якунланяпти, шунга, ҳамма газетага мақола эълон қилиши керак экан, ҳисобот топширамиз. Шунга ёрдам қилсангиз… мухбирларингиздан бировига буюрсангиз, мендан бир баённомани олиб кетиб, яхши бир мақола тайёрласа…

«Кечирасиз, мақолани муаллиф ўзи ёзиб, кейин олиб келиши, ёки электрон почта орқали юбориши керак»…

«Энди… бизда иш кўп… Келиб олиб кетса ҳеч нарса қилмайди-ку?»

«Йўқ, ўзингиз олиб келақолинг ёки электрон манзилга юборинг, кўриб чиқамиз, телефон рақамингизни ҳам ёзиб қўйинг, маълумот олиш учун зарур бўлиши мумкин…»

«Яхши. Хўш қачон чиқади шунда мақола? Ўзи ҳафтада неча марта чиқасизлар? Қайси кунлари?»

Кейинги саволлардан маoлумки, «муаллиф» газета неча марта, қайси кунлари чиқишини мутлақо билмайди… Балки, газетамизга обуна бўлиш у ёқда турсин, қиёфаси қанақалигини ҳам билмаса керак… Бунга амин бўлсамда, қайта сўраб кўрдим.

«Эндии… иш жуда кўп. Газета ўқишга вақт йўқ. Лекин обуна бўлганмиз шекилли, канцеляриядан сўраб кўришим керак».

«Хўш, «мақола»нгиз чоп этилди, дейлик, уни қаердан оласиз? Сотувда йўқ бўлса…»

«Умуман олганда, сизлар мақола чиққан сондан икки дона юборишларингиз керак бизга…»

«Бизда газетамиз текин тарқатилиши шарт бўлган идоралар номи бор, лекин сиз ишлаётган ташкилот бу рўйхатда йўқ…»

«Майли, мақолани чиқараверинг, кейин гаплашамиз бу масалани. Лекин биринчи бетда чиқсин…»

«Сиз аввал мақолани юборинг, кўриб чиқайлик. Ишонинг, яхши материал албатта чоп этилади, ҳатто, айтганингиздек, биринчи бетда ҳам. Бизда ҳеч бир мақола эътиборсиз қолдирилмайди!»

Кунлардан бир кун яна бир ҳукмфармо муассаса масoулларидан бири шунга яқин амрона муомала билан қўнғироқ қилди.

Яна шу ташвиш: «ой якунланяпти, мақола чиқариш керак, ҳисобот учун, бизга мажбурий қилиб қўйилган».

Нафсиламрини олганда, мутахассис томонидан ёзилган мақола, шарҳ ёки муносабат кенг газетхонларга тушунарли тилда баён этилиши, тушунтириб берилиши керак. Олинган мақола эса…

«Аслида, сизлар биз билан мустаҳкам ҳамкорлик қилишингиз керак. Чунки одамларга бугунги қонунлар, фармон ва қарорлар моҳиятини биргаликда тушунтириб беришимиз керак»

«Тўғри, биз ҳам айнан шундай қилишимиз керак, деб ҳисоблаймиз ва шунга ҳаракат қилиб келяпмиз. Бироқ сизнинг «мақола»нгизда фармонга шарҳ йўқ-ку! Олдин ҳолат қандай эди, ҳужжат қабул қилингандан кейин нима қулайлик ва қўшимчалар бўлди, энди аҳвол қай даражада ўзгаради, деган саволларга жавоб, таҳлил йўқ. Ҳужжат, айрим ўринлари олиб ташланиб, шундоқ кўчириб қўйилган… Ундан кўра, газетада ўша ҳужжатни тўлиқ чоп этганимиз маъқулмасми, ўқувчини чалғитмай?..»

Норозилик, кейин сал тушиб, «сизлар халқнинг тилини биласизлар» деган мақтовга ўхшаш фикрлар билан мутахассиснинг «ҳисобот-мақола»си яна мухбирнинг гарданида қолади…

Қиссадан ҳисса шуки, бугун матбуот кўпчилик идоралар раҳбар ва масъул ходимлари учун «ҳисобот даври»да зарур бўлган нимадир. Хўш, раҳбар, ходим ёки оддий ўқувчи қачон газета ўқийди?

Агар газетада чоп этилган мақола холис, халқ дардини ва ҳақиқатни баён этган бўлса, мавзу чуқур ўрганилиб, оқилона мулоҳаза билан ёзилса, албатта ўқилади. Бу гапни ҳозир оддий одамлар ҳам билади. Айни пайтда, матбуотда фақат қизиқарли сифатида ўқилиши мумкин бўлган эмас, билиш фойдали ва шарт ҳисобланган мақолалар ҳам чоп этилади! Тўғри, яхши мақолалар кам, лекин бор! Сиз қайси биринидир ўқиганмисиз? Ҳа, ўқиганлар бор, фақат улар аксарият ҳолларда, ҳамкасбларимиз, холос. Улар мақола бўйича ўз эътирофлари, мулоҳазалари, масалага ёндашув бўйича тажрибалари билан ўртоқлашадилар. Ва бу, ёқимли. Қанийди шу одам бошқа соҳа вакили бўлса!..

Яна бир гапни юрак ютиб айтиш мумкинки, агар даврий нашрларга эoтибор кучайса, ҳозир кўпчилик учун нажот минбарига айланган давлат ва ҳукумат раҳбарининг виртуал ва халқ қабулхоналарига мурожаатлар сони камайган, кўплаб муаммолар мухбирнинг аралашуви билан ўз ечимини топган бўларди. Бундай дейишга сабаб шундаки, бугун мавзуга нопрофессионал ёндашилган, имло ва бошқа хатолари билан бўлсада, қайсидир ҳудуддаги муаммони электрон нашрда эoлон қилган журналист этикаси ва эстетикасидан йироқ бир хабарчининг танқидига раҳбарлар эътибор қаратиши, улар билан ҳисоблашиши кўп кузатилмоқда. Исталган нашрни фақат «танқид чиқиб қолмадимикин», «атрофда қанақа миш-мишлар экан», «бирон бир раҳбар ҳақида шов-шувли хабар йўқмикан» деганга ўхшаш истаклар ёки бошқа тахминлар билан ўқиш — ўша ўқувчининг маoнавий савияси даражасини кўрсатади. Айни пайтда, даврий нашрларни мунтазам кузатиш, фақат ўз идораси ёки ҳудудига тегишлигина қисмини эмас, бошқа мақолалар билан ҳам танишиб бориш раҳбарнинг ҳам дунёқараши доираси кенглигини англатади. Яқинда шу гапни айтганимда мутасаддилардан бири, «агар хоҳиш, маoнавий истак бўлса, қунт, газета ва журналларни ўқишга вақт албатта топилади, чунки, инсон моддий эҳтиёжлари — сув ичиш, овқатланиш учун вақт, имкон топади-ку!», деган мулоҳазани билдирди. Наҳотки, жамиятда ана шу маънавий истак сусайиб кетаётган бўлса, деб ўйлаб қоласан, киши.

Даврий босма нашрлар, кўпчилик ўйлаганидек, ёпилиб кетмайди, буни ривожланган давлатлар тажрибаси ҳам кўрсатиб турибди. Босма газета ва журналларни оммалаштириш эса, фақат журналистнинггина ваколати, меҳнати, салоҳияти ёки маҳорати доирасида эмас, бу иш жамиятнинг барча аъзолари, раҳбару мутасадди, ўқитувчию қурувчи, шифокору деҳқон ва бошқа барча соҳа вакиллари билан биргаликда амалга оширилади. Зеро, матбуот, ҳақиқатан ҳам, жамият кўзгуси! Жамият аъзоларининг муносабати матбуотнинг нафақат саҳифаларида, нуфузи ва мавқеида ҳам ўз аксини топади.

Мамлакатимизда матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини моддий, маънавий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, эркинлаштириш, халқ ва давлат ўртасидаги кўприк вазифасини ўтовчи ҳақиқий «тўртинчи ҳокимият» даражасига олиб чиқиш борасида хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ишонаманки, жамиятнинг фаол бўғини бўлган соҳа ходимлари бу мақсадларга эришиш учун шарафли ва машаққатли меҳнатдан қочмайди, одамлар орасига ва дилига янада чуқурроқ кириб бориш йўлидан оғишмайди.

Бектемир ПИРНАФАСОВ,

“Дўстлик байроғи”  – “Знамя дружбы” газеталари Бош муҳаррири.

«Jоurnalist.uz»сайтидан.