- Жамият, Қарор ва ижро   283

РЕФЕРЕНДУМ НИМА?

Мамлакатимизнинг ижтимоий, сиёсий ва ҳуқуқий ҳаёти кунда жуда муҳим ўзгаришлар арафасида турибди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан Конституцияни ўзгартириш бўйича умумхалқ референдумини 2023 йил 30 апрель куни ўтказилиши маъқулланди.

         Референдумга қўйилган масалалар мамлакат ҳаётида муҳим ўрин эгаллаши ҳамда референдумлар ҳар доим ҳам ўтказилмаслиги боис унга бироз тушунча бериб ўтишни лозим топдик.

         Референдум – лотинча (referendum – ҳабар қилиниши лозим бўлган) сўздан олинган бўлиб, демократиянинг шакли, давлатнинг бутун худудидаги аҳолисининг муҳим масалалар бўйича овоз бериши демакдир. Референдум алоҳида жамият ва давлат аҳамиятига молик масалани ҳал қилиш учун умумхалқ овозига, сўровига қўйишдир. Референдум бевосита демократиянинг муҳим институти бўлиб, давлат ва жамият аҳамиятига молик масалаларни овоз бериш йўли билан амалга оширишни ўзида акс эттиради. Референдум сайловлардан фарқ қилади, яъни у мансабдор шахсларни белгиланган мансабга сайлашни эмас, балки давлат ва жамият аҳамиятига молик ишларни, Конституцияга, қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масалаларини ҳамда ички ва ташқи сиёсий муаммоларни ҳал қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.

Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамаларида жами 222 715 та таклифлар келиб тушган ва уларнинг 25 фоизи лойиҳага киритилган. Лойиҳани тайёрлашда 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин давлат тажрибаси ўрганилган. Конституция моддалари 128 тадан 155 тага кўпайиб, нормалар 275 тадан 434 тага ошган.

Юқоридаги рақамлардан халқимиз ушбу қонун лойиҳасига бефарқ эмаслиги, асосий қонунга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар инсон манфаати, фаровонлиги, муносиб ҳаёт кечириши, ҳаёти ва мол мулкининг дахлсизлиги, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги каби нормалар мустаҳкамлаб қўйилаётганлигининг далилидир.

Охирги вақтларда оғриқли ҳолатлардан бири бўлиб келган мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланмоқда.

Нозимжон ЭГАМОВ,

Фарғона вилоят судининг судьяси.