“Ўздавкарантин” ҳамда “Росселхознадзор” хизматлари ўртасида олиб борилган музокараларнинг навбатдаги натижаларига кўра, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб Россия федерациясига Фарғона вилоятидан қуритилган масҳсулотлар экспортига рухсат берилди. Мазкур келишувга қадар ўсимликлар карантини давлат инспекцияси марказий аппарати, Ўсимликлар карантини илмий маркази ҳамда Марказий карантин лабораториясидан иборат ишчи гуруҳ вилоятдаги фитосанитар ҳолатни чуқур ўрганиб, таъқиққа сабаб бўлган капр қўнғизи билан боғлиқ таҳлилларни олиб борган эди.
Унга кўра, вилоятда капр қўнғизини мавжудлигини аниқлаш бўйича туман ва шаҳарлардаги мавжуд дон, дуккакли экинлар, қуритилган мевалар сақланаётган жами 257002 м3 ва 697850 м2 майдондаги саноат омборхоналарда фитосанитар назорат тадбирлари олиб борилиб, ўрнатилган феромон тутқичларнинг қайта назорати давомида уларга ушбу ҳашорат тушмаганлиги аниқланган. Тегишли тартибда бундай омборхоналар фумигация қилинган.
Қолаверса, қуритилган мева ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сақланаётган жами 41785 м2 майдондаги аҳоли хонадонлардаги омборхоналарида фитосанитар назорат тадбирлари ўтказилди. Бу ташқи карантин зараркунанда ҳақида омбор эгаларига керакли тушунчалар берилди.
Ўрганишлар давомида ҳудудда бундай карантин объекти мавжуд эмаслиги қайд этилган илмий ҳулосалар Россиянинг ветеринария ва фитосаниттария федерал хизматига тақдим этилган. Икки ўртадаги келишувларга мувофиқ Россия Федерациясига қуритилган маҳсулотларнинг экспорт жараёнида фитосанитария сертификатларида мажбурий равишда “қўшимча деклорация” устуни киритилди. Эндиликда бу устунда маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхонанинг номи ва манзили, шунингдек, маҳсулот маркировкаси ҳам кўрсатилади.
Шунингдек, Республиканинг Фарғона вилоятидан экспорт қилинувчи қуритилган мева маҳсулотларининг ҳар бир партияси учун дастлабки электрон хабарнома ҳамда маҳсулотнинг фитосанитар хавфсизлигини тасдиқловчи лаборатория текширув хулосалари илова қилинади.
А.АБДАЗИЗОВ,
Р.АБДБАННОПОВ,
О.МАМАЖОНОВ,
Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспекторлари.