- Жамият, Ислоҳот, Маънавият, Турфа олам   1 736

“САФАР ҚИЛҒИЛ, АММО ВАТАН ИЧРА БЎЛ”

2019 йил, 7 апрель. Марғилон поезд йўл шоҳбекати.

Катталаримиз бу ерни «Горчаков стансаси», дейишарди. Ана шу станцияга келсам, ёшлик, талабалик хотираларим доимо ёдга тушади. Ўтган асрнинг 80-90 йиллари бу ердан поездларда Тошкентга кўп ва хўп қатнаганмиз.

Вокзал ҳаётнинг ўзгинаси. Поезд келиши билан ўриндиқлар бўшайди. Ҳамма манзилига шошилади. Кейинги поезд йўловчилари эса ўриндиқларни банд қилади, поездини кутади. Бир ёзувчи айтганидек: “вокзалнинг ҳаётдан афзал жиҳати бор. Шоҳу гадо, бою камбағал бир мақомда – йўловчи”.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорликда ички туризмнинг Фарғона-Бухоро-Самарқанд-Тошкент-Фарғона йўналишида 20 нафар ҳамкасблар саёҳатга отландик. Саёҳатчи журналистларимиз 13 нафари Марғилонда йиғилдик. 7 киши Қўқондан поезга чиқишадиган бўлишди. Саёҳат ташкилотчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов Марғилондан бизни кузатди. Бухоро поездининг купе вагонига жойлашдик.

Купедаги ҳамроҳ Асқарали Турсунов ФарДУ газетаси муҳаррири. У илгари “Боғдод ҳаёти” газетасида муҳаррирлик қилган. “Риштон ҳақиқати”да ишлаган. Бир соатга етиб-етмай Қўқонда бўлдик. Боғдодлик Рустамжон Сирожиддинов ва Жаҳонгир Саримсақов бизга шерик бўлишди. Улфати чор, унда мазза бор, деганларидек суҳбатимиз қизиди.

Бухорои Шарифда сафаримиз Етти пирларнинг зиёратидан бошланди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили февраль ойида Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Абдуҳолиқ Ғиждувоний, Баҳовуддин Нақшбанд, Ориф Ревгарий, Али Рамитоний, Бобойи Самосий, Маҳмуд Фағнавий, Саййид Амир Кулол мажмуаларини ўз ичига олган “Етти пир” зиёратгоҳини замон талаблари даражасида реконструкция қилиш ва уларни боғловчи янги сайёҳлик йўналиши ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берганди.

Сафаримиз чоғида “Етти пир” зиёратгоҳларида кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганлигига гувоҳ бўлдик. Абдуҳолиқ Ғиждувоний мажмуасида янги масжид, ёзги айвон ва зиёратгоҳ қошида меҳмонхона қурилиб, ободонлаштириш ишлари қилиняпти. Ҳудди шунингдек бошқа пирлар қўним топган масканларда ҳам жуда катта ишлар бажариляпти. Ҳашарчиларга қўйлар сўйилиб, дошқозонларда ошлар дамланаётганига гувоҳ бўлдик.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Китобда ўқиш бошқа, зиёрат қилиб юракдан ўтказиб ўрганиш бошқа” эканлигини яна бир бор ҳис қилдик.

Йўлбошловчимиз (гид) Хадичабегим Исматуллаева Бухоро Давлат университети туризм факультети талабаси бўлишига қарамай, дунёқараши кенг, билимли эканлигини билдик.

–“Етти пир” зиёратгоҳларидаги бунёдкорлик ишлари улуғ алломаларимиз меросларини жаҳонга кенг тарғиб қилиш ва бу ерга келувчилар учун барча қулайликлар яратиш мақсадида ягона консепция асосида олиб бориляпти, –дейди у. – Барча зиёратгоҳ атрофи ўралиб, таҳоратхона, масжид, музей, меҳмонхона, чойхона, автобуслар тўхташ жойлари, эсдалик буюмлар ва китоб савдо расталари барпо этилади.

Абдуҳолиқ Ғиждувонийдан бошланган зиёратимиз Баҳовуддин Нақшбандда ниҳоясига етди. Кун бўйи юриб, чарчамадик. Пирлар мададкор бўлди.

Сафаримизнинг иккинчи куни ёмғир бўлишига қарамай, Бухоронинг тарихий обидаларини тамоша қилдик. Бухоро амирининг ёзги саройи– Ситораи Моҳи Хосса бўйлаб юрар эканмиз, аждодларимизнинг қилган ишларига яна бир бор тан бердик. Ёзги саройда об-ҳаво шунчалар мўтадилки, қарғалар ёзда ҳам бу ердан кетмас экан. Ёки ёзнинг қоқ чилласида ҳам сўйиб, осиб қўйилган гўшт айнимайди.

Бухоро аркидаги музейда “Бухоро шариф” газетасининг 1912 йил 11 мартдаги 1-сони эътиборимизни тортди. Шунингдек, ўтган йили ёзда Шахрисабз сафаримиз таассуротларини ўртоқлашганимизда Лангар Қуръони ҳақида ёзгандик. Музейда Лангар Қуръонининг варағини кўриб таъсирландик. Музей ҳодимларининг айтишича, VIII асрда куфий-хижозий хатида битилган Лангар Қуръонининг Бухорога келиб қолиши тарихи ҳақида бир қанча ривоятлар бизгача етиб келган.

Амир Абдулаҳадхон топшириғига биноан бу варақ учун 1901 йилда саҳҳоф Маҳдум Ҳабибулло томонидан махсус картондан бухороча услубда қирмизи яшил муқова тайёрланган. Амирнинг даврида мазкур варақ амирлик қалъасида сақланиб қолган XVIII аср бошларида қурилган Субхонқулихон масжидининг меҳробида сақланган.

Ҳоҳ зиёратгоҳ, ҳоҳ тарихий гўшалар бўлсин, чет эллик сайёҳларни учратдик. Расмий маълумотларга кўра, 2018 йилда Ўзбекистонга 5 миллиондан зиёд хорижий сайёҳ ташриф буюргани, бу 2017 йилдагига нисбатан икки баробар кўпдир. Уларга 795 туристик компания хизмат кўрсатган.

–Шу ёшга кириб, Бухорога биринчи келишим, –дейди “Давр минбари” газетаси Бош муҳаррири Гўзалхон Муслимова. –Илгарироқ келмаганимга минг-минг афсусдаман. Иш, бола-чақа, деб юраверибмиз. Таассуротларим бир олам. Маълумот ўрнида Г.Муслимова вилоят солиқ тизимида ишлаганида доимо матбуот билан алоқада бўлган. Узоқ йиллар ишлаб пенсияга чиққач, газетага таклиф қилишган.

Куннинг иккинчи ярмида замонавий автобусда Самарқанд сари йўл олдик.

 

Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ.

(Давоми бор).