- Жамият, Ислоҳот, Туман янгиликлари   1 536

ТАЖРИБА АЛМАШИБ

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидан бир гуруҳ фаол аёллар туманимизга келишди.

Туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Тешабоева меҳмонларни  3 кун мобайнида тумандаги оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган оилалар билан таништирди.

Меҳмонлар Сойбўйи МФЙдаги Низомиддин ва Мамлакат Раҳимовлар хонадонига бориб, хонадондаги 4 сотиҳли иссиқхонадаги қалампир кўчатлари парваришланаётганини кўришди.

Баҳор МФЙдаги Дилмурод ва Нафисахон Рўзиевлар хонадонида 2 сотихли иссиқхонада гул етиштирилади. У ерга боришганда барчанинг кайфияти кўтарилиб, турфа гулларни қандай парваришлаш хусусида суҳбат бўлди.

Юқори Сойбўйи МФЙдаги Рўзимат  ва Салима Аҳмедовлар хонадонида  иссиқхонада лимон етиштирилади, хонадонининг кўча тарафида сартарошхона ва озиқ–овқат дўкони бор. Хонадон соҳиблари қорамолчилик билан шуғулланишади. Меҳмонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Тошховуз МФЙ Ватан кўчасидаги Мирзохид ва Дилафрўз Мамажоновлар хонадонида аёллар учун сумка тикиш цехи мавжуд бўлиб, хотин-қизлар иш билан таoминланган. Хонадон томорқасида иссиқхонада лимон етиштирилади. Оилавий тадбиркор Дилафрўзхон чарм маҳсулотларидан автомобилларга ёпқичлар, поябзаллар ҳам тикади.

Шундан сўнг Хонобод МФЙдаги Абдуғофир ва Муяссар Болтабоевлар хонодонига бориб, Муяссар опа  ва шогирдлари тиккан дўппиларни тикиш ва тайёрлаш жараёнини кўришди. Саранжом-саришта хонадон соҳибидан дўппи харид қилишди.   Меҳмонлар Сойёни МФЙдаги бир неча йиллардан бери тўн тикиш билан шуғулланадиган Ховахон Буданова хонадонида бўлиб, чевар опа билан  дилдан суҳбат қуришди.

—Биз ёзёвонликлардан кўп нарса ўргандик,— дейди Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидан келган мутахассис Розия Ташланова. —Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали хотин-қизларни бандлигини таoминлаш мумкин. Томорқадан самарали фойдаланиб катта фойда кўрган оилаларда бўлдик. Ўзи ногирон бўлса ҳам тикувчилик қилаётган Нодирахон Аҳмадалиевага қойил қолдик.

—Водий аёллари ўзининг тили ширинлиги, пазандалиги, рўзғор тутиши билан азалдан машҳур, —дейди меҳмон Дилбар Мамажонова. —Тажриба алмашиб турсак янада яхшироқ меҳнат қилиб, мустақил юртимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшамиз. Бизни иззат қилганларга раҳмат.

М.ҚОСИМОВА.